Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



12:05:55 (GMT +5), Пш, 21 ноя 2024

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом


 1-боб. Умумий қоидалар 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда – вазирлик деб юритилади) ҳузуридаги маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида ишлайдиган, фаолияти фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқотни ривожлантиришга қаратилган Жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи маслаҳат органи ҳисобланиб, адлия вазирининг буйруғи билан ташкил этилади.

3. Жамоатчилик кенгашининг Регламенти адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

 

2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифа ва функциялари 

4. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

вазирликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор фаолиятининг энг муҳим масалалари юзасидан жамоатчилик фикрининг тизимли мониторинги олиб борилишини ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини амалга ошириш;

вазирлик фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларнинг вазирлик ходимлари ўртасида муҳокамасини ташкил қилишда иштирок этиш;

вазирлик фаолияти самарадорлигини такомиллаштириш юзасидан мазкур органда соғлом маънавий-руҳий ҳолатни, қонунийлик, юқори ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

вазирлик фаолияти бўйича тушунтириш ва маърифий ишларни олиб боришни тизимли ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

вазирлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини олиб бориш.

5. Жамоатчилик кенгаши ўзининг асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вазирлик фаолиятига оид ташаббус ва мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича вазирликка тегишли таклифлар тайёрлайди;

вазирлик билан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг самарали шакл ва усулларда ўзаро ҳамкорлиги таҳлилини амалга оширади, шунингдек, уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

вазирлик фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек ички идоравий ҳужжатларни такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда ушбу таклифларни ходимлар ўртасида муҳокама қилиш бўйича тадбирларни ташкил қилишда иштирок этади;

вазирликда қонунийлик, юқори ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, ходимларда Ватанга садоқат ва қонунларга ҳурмат руҳини кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, психологик ва маънавий-маърифий жиҳатдан юксалтириш бўйича таклифлар тайёрлайди, ушбу соҳада маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этишда иштирок этади, шунингдек, бу борадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

вазирлик фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари, чора-тадбирлар режалари ва бошқа дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколати доирасида иштирок этади, дастурларда белгиланган чора-тадбирлар, хусусан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини таҳлил қилади ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

вазирлик фаолиятини ислоҳ қилишга бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, «давра суҳбатлари»ни ташкил қилишда иштирок этади;

вазирлик фаолиятини расмий веб-сайтларда ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.

вазирлик фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича мамлакат ҳудудида ва хорижда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда жамоатчиликнинг кенг хабардор қилинишини таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф қилиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади.

 

3-боб. Жамоатчилик кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

6. Жамоатчилик кенгаши асосий вазифа ва функцияларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида вазирликдан керакли ҳужжатларни, статистик ва таҳлилий маълумотларни сўраб олиш ва қабул қилиш;

жамоатчилик кенгаши ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилиш учун жамоатчилик кенгаши аъзоларидан иборат жамоатчилик комиссияларини ташкил этиш;

вазирлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда вазирлик томонидан ўтказиладиган йиғилишлар ҳамда бошқа тадбирларда иштирок этиш;

ходимлар (хизматдан бўшатилган ходимлар) ҳамда улар оила аъзоларининг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш;

ходимларнинг розилиги билан уларнинг хизмат ўташ ва яшаш шарт-шароитлари билан танишиш;

вазирлик тизимидаги ташкилотлар, шунингдек ҳудудий бўлинмалар раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига тегишли масалалар бўйича таклифлар киритиш;

маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва уларга таниқли фан, маданият ва санъат арбобларини жалб қилиш;

вазирлик ва жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этиладиган тадбирларга давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб қилиш, шунингдек улар билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил қилиш;

жамоатчилик кенгашининг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишларига ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилиш;

фойдаланиш доираси чекланган тоифадаги ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига қатъий риоя қилиш;

вазирлик фаолиятининг мустақиллиги ва унинг ишига аралашмаслик тамойилларига қатьий риоя қилиш.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

4-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркиби 

8. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиб ва аъзолар киради. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.

9. Жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби жамоатчилик кенгашининг аъзолари орасидан тайинланади.

Жамоатчилик кенгашининг таркиби адлия вазири томонидан тасдиқланади.

10. Вазирлик ходимлари, фахрийлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари Жамоатчилик кенгашининг таркибига киритилиши мумкин.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари адлия вазирининг буйруғи билан кўнгилли равишда номуайян муддатга жамоатчилик кенгаши таркибига киритилади ва аъзоликдан чиқарилади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари сони чекланмайди.

11. Жамоатчилик кенгаши раиси Жамоатчилик кенгаши фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

Жамоатчилик кенгаши мажлисини чақириш ва кун тартибини белгилаш;

Жамоатчилик кенгаши мажлисига раислик қилиш;

Жамоатчилик кенгашининг иш режаси, Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси ва Жамоатчилик кенгашининг иш юритувига оид бошқа ҳужжатларини тасдиқлаш;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг бажарилишини назорат қилиш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг уларга қўйилган топшириқларни бажариш ишини ва фаолиятини мувофиқлаштириш;

вазирлик раҳбариятига Жамоатчилик кенгашига кирувчи шахсларни унинг таркибидан чиқариш бўйича таклифларни киритиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

12. Жамоатчилик кенгаши раиси йўқлигида унинг ваколат ва вазифаларини жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари амалга оширади.

13. Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:

Жамоатчилик кенгаши раиси бўлмаганда жамоатчилик кенгаши мажлисларига раислик қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорлари бажарилишини назорат қилиш ишларини ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади ҳамда ариза, таклиф ва шикоятларни кўриб чиқишда иштирок этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

14. Жамоатчилик кенгаши котиби:

Жамоатчилик кенгашининг мажлисига керакли ҳужжатлар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартиби бўйича ўтишини ташкил этади;

Жамоатчилик кенгаши раиси билан мажлис ўтказиш муддати, жойи ҳамда таклиф қилинувчилар ҳақида маслаҳатлашади;

Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва таклиф қилинган шахсларни мажлис ўтказиш жойи, санаси ва вақти ҳақида хабардор қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклиф киритади;

Жамоатчилик кенгаши баённомасини расмийлаштиради ҳамда тасдиқланган баённомани Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва бошқа манфаатдор шахсларга юборилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари ва Жамоатчилик кенгаши қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

15. Жамоатчилик кенгаши аъзолари:

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида кўриладиган масалаларни ҳал қилиш ва муҳокама қилишда ўз ваколатларини бериш ҳуқуқисиз қатнашадилар. Жамоатчилик кенгаши аъзолари айрим ҳолларда жамоатчилик кенгаши мажлисларида қатнаша олмаган тақдирда ўз фикрларини ёзма тарзда Жамоатчилик кенгаши масъул котибига тақдим этишлари мумкин. Кўрсатиб ўтилган фикрлар мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади;

вазирлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадилар;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича Жамоатчилик кенгашига таклифлар киритадилар.

 

5-боб. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи 

16. Вазирликнинг Кадрлар бошқармаси Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.

17. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи:

Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг методик, ташкилий-ҳуқуқий, ташкилий- техник таъминот масалаларини ҳал қилади;

Жамоатчилик кенгашининг иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди, Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларни тайёрлайди, вазирлик ходимларидан керакли ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгаши ваколатларига кирувчи мурожаатларни кўриб чиқади ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгаши томонидан берилган бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

6-боб. Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил қилиш 

18. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти Жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу Низом асосида ишлаб чиқилиб, тасдиқланган Регламентда белгиланган тартибда амалга оширилади.

19. Регламентда қуйидагилар белгиланади:

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг унинг фаолиятида иштирок этиши тартиби;

Жамоатчилик кенгаши йиғилишларини ўтказилиш муддатлари ва тартиби;

Жамоатчилик кенгаши доимий ишчи органининг иш тартиби;

Жамоатчилик кенгаши комиссияси фаолияти ва тузилиши тартиби, шунингдек, раҳбар ваколатлари ва уни сайлаш тартиби;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг ваколатларини тўхтатиш ва тугатиш тартиби;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг тузилиши ва уларни қабул қилиш тартиби;

Жамоатчилик кенгашида тадбирларга тайёргарлик кўриш ва тадбирларни ўтказиш тартиби;

Жамоатчилик кенгаши фаолияти тартибига доир бошқа масалалар.

20. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари Жамоатчилик кенгаши мажлисларида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгаши мажлиси Жамоатчилик кенгашининг иш режаси асосида камида ҳар йилда бир маротаба чақирилади.

Жамоатчилик кенгаши раиси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида навбатдан ташқари мажлис чақириши мумкин.

21. Жамоатчилик кенгаши мажлисларига миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Жамоатчилик кенгаши мажлисига таклиф қилинувчи шахслар рўйхати Жамоатчилик кенгаши раиси ва Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан келишган ҳолда Жамоатчилик кенгаши котиби томонидан шакллантирилади.

22. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартиби лойиҳаси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Жамоатчилик кенгаши раиси топшириғи асосида Жамоатчилик кенгаши котиби томонидан шакллантирилади.

23. Жамоатчилик кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан олиб борилади. Раис иштирок эта олмаган ҳолларда мажлисга унинг ўринбосари раислик қилади.

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида адлия вазири, унинг ўринбосарлари ёки бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

24. Жамоатчилик кенгаши мажлиси унга таклиф қилинган шахсларнинг учдан икки қисмидан кам бўлмаган қисми (кворум) иштирок этган тақдирда қонуний ҳисобланади.

Агар мажлис олиб бориш учун кворум шаклланмаса, Жамоатчилик кенгашининг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади.

25. Жамоатчилик кенгашининг қарори унинг мажлисида қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар овозлар тенг келиб қолса, Жамоатчилик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

26. Жамоатчилик кенгаши қарор қабул қилишда масалаларни эркин муҳокама қилиш, овоз бериш, жамоатчилик фикрини инобатга олиш, тенглик ва коллегиалликка асосланади.

27. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинган қарорга ўзининг фикрларини ёзма тарзда билдириш ҳуқуқига эга. Бунда фикрлар Жамоатчилик кенгаши мажлиси баённомасига киритиб қўйилади.

28. Жамоатчилик кенгашининг қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмасдан вазирликка юборилади.

Жамоатчилик кенгашининг қарори тавсиявий характерга эгадир. Агар қарор вазирлик томонидан маъқулланмаса, вазирлик қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кундан кечикмасдан Жамоатчилик кенгашига асослантирилган жавобини тақдим қилади.

29. Тезкор қарор қабул қилиш зарурати келиб чиққанда, Жамоатчилик кенгашининг қарори Жамоатчилик кенгаши раиси ташаббуси билан Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан маслаҳатлашилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

30. Жамоатчилик кенгаши мажлисида қабул қилинган қарор мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома Жамоатчилик кенгаши котиби томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ҳамда уч кунлик муддатда Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва бошқа манфаатдор шахсларга электрон тарзда юборилади.

31. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи ва котиби Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда Жамоатчилик кенгаши қарорларини ижро этиш йўлларини тизимли ўрганади ва кўриб чиқади, зарур ҳолларда, Жамоатчилик кенгаши раисига таклифлар киритади.

32. Ишчи орган Жамоатчилик кенгаши қарорларини ижро этиш натижалари ҳақида ҳар ойда Жамоатчилик кенгаши раисига маълумот тақдим этади.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар 

33. Жамоатчилик кенгашининг моддий-техник таъминоти вазирлик томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

34. Жамоатчилик кенгаши фаолияти устидан назоратни адлия вазири амалга оширади.

35. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари ҳамда Адлия вазирининг Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.