Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



19:17:31 (GMT +5), Пш, 18 апр 2024

Адлия вазири Р.Давлетовнинг Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида Адлия вазирлигининг фаолияти маъруза матни RSS обуна

Адлия вазири Р.Давлетовнинг Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида Адлия вазирлигининг фаолияти маъруза матни


Ассалому алайкум, ҳурматли Раис, мажлис иштирокчилари!

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўзгаришлар қонунчиликда ҳам ўз аксини топмоқда.

Бугунги кунда барча давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам пандемия шароити сақланиб қолаётган бўлишига қарамасдан, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ишларимиз тўхтаб қолгани йўқ.

Аксинча, ушбу ҳолат биздан, айнан норма ижодкорлиги соҳасида янада тезкорликни, синчковликни ва қатъий интизомни талаб қилмоқда.

 Рухсатингиз билан, Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш йўналишидаги айрим рақамларга тўхталсам!

Вазирлик томонидан жорий йил жами 142 та лойиҳа ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

(31 та қонун, 19 та Президент фармонлари ва 15 та Президент қарорлари ҳамда 64 та Ҳукумат қарори лойиҳалари)

Қонунлар: “

1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирда Қонун, 2. “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги 3. “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”, 4. “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”, 5. “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”, 6. “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида” ва бошқалар.

Президент ҳужжатлари:

 Жорий йил май ойида қабул қилинган фармонда (ПФ–5997-сон) адлия органлари олдида турган бугунги долзарб масалалар ва вазифалар белгилаб берилди;

 Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган фармон тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

(Мазкур Фармон билан лицензияларнинг 26 фоизи ва рухсат берувчи ҳужжатларнинг 25 фоизи тўлиқ бекор қилинди. Шунингдек, 24 та лицензия тури 9 та лицензия турига бирлаштириш йўли билан бекор қилинди.)

Идоравий норма ижодкорлиги соҳасида.

–“Тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали 2019 йил 1 январдан ҳозирги кунга қадар жами 800 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар, шу жумладан, 2020 йил давомида 348 та идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилди.

Идоравий ҳужжатларнинг умумий сони 2019 йилнинг бошига нисбатан деярли 12 фоизга қисқарди.

– Тарихда биринчи марта электрон шаклда қонун ҳужжати қабул қилинди ҳамда бугунги куунга қадар 70 дан ортиқ электрон шаклдаги идоравий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бу орқали, вазирлик ва идораларга кўплаб енгиллик ва қулайликлар, шунингдек ортиқча сарф-харажатлар камайишига, вақтнинг тежалишига имконият яратилди.

(2020 йилда 2019 йилга нисбатан биргина Вазирлик марказий аппаратида деярли 2 баравар камроқ офис қоғози ишлатилган (2019 йилда – 1068 (28 млн), 2020 йилда –692 пачка (23 млн).

 Ўз аҳамиятини йўқотган идоравий ҳужжатларни бекор қилиш орқали 100 дан ортиқ ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топиш чоралари кўрилмоқда.

Норма ижодкорлиги фаолиятида камчиликлар

Ишлаб чиқилаётган лойиҳаларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида:

– Вазирликка экспертизадан ўтказиш учун жами 2 478 та лойиҳа келиб тушган (2019 йилда 2 110 та), улардан 2 310 таси (93 фоиз) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 168 таси эса (7 фоиз) ўтказилмасдан Регламентга мувофиқ қайтарилган.

Ҳуқуқий экспретизадан ўтказилган лойиҳаларнинг 1 587 тасига (64 фоизи) ижобий, 723 тасига (36 фоизи) мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган;

–тақдим этилган 504 та идоравий ҳужжатнинг 40 фоизи қонун ҳужжатлари талабларига зидлиги туфайли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган;

– давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган ҳужжатларни ижрога юбориш ҳолатлари бўйича вазирлик ва идораларга 28 та тақдимнома киритилиб, бугунги кунда жами 24 та ноқонуний ҳужжатлар бекор қилдирилган.

Бунга сабаблар!

биринчидан, лойиҳаларда кўтарилган муаммолар, чуқур таҳлил қилинмаяпти ва таклиф этилаётган янги механизмларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири баҳоланмаяпти. Хорижий тажриба етарлича ўрганилмаяпти;

(“Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги ва “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари (Давлат активларини бошқариш агентлиги)

иккинчидан, соҳани тартибга солувчи ҳужжат бўла туриб, айнан шу масалада янги ҳужжатлар ишлаб чиқиляпти;

(Вазирлар Маҳкамасининг Суғурта соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳаси (Молия вазирлиги)

учинчидан, вазирлик ва идоралар ўзларининг ваколат доирасида ҳал қиладиган масалалар бўйича ҳам ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда.

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси);

тўртинчидан, давлат органлари томонидан лойиҳаларни иқтисодий, молиявий, илмий ва бошқа турдаги экспертизаларини ўтказишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

(Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси (Молия вазирлиги)

Бу каби камчиликларга йўл қўймаслик учун вазирлик ва идоралар томонидан юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйилаётганлиги бу йўналишдаги фаолият бўйича юридик хизмат сифати ва самарадорлигининг янада оширилиши, ташкилот раҳбарлари томонидан қатъий назорат чораларининг кучайтирилиши керак.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги.

1) Ҳудудий адлия органлари томонидан 177 та қарорлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинганлиги сабабли бекор қилинган.

2) Ҳоким қарорларида амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига зид қоидалар ўрнатилган. 

(Яккабоғ тумани ҳокимининг 2019 йил 8 июлдаги 84-ф-сон фармойиши билан меҳнат қонунчилигига зид равишда фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳар куни соат 6 ва 12:00 да ғўза парваришига оид семинар ўтказилиши шартлиги белгиланган).

3) Ҳокимликлар томонидан уларнинг фаолияти ва қарорларни қабул қилиш жараёнларининг очиқлиги таъминланмаяпти натижада фуқаролар қабул қилинаётган ҳужжатлардан беҳабар қолиб кетишмоқда.

Мисоллар:

жорий йилнинг 16 декабрь ҳолатига Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Андижон, Олот, Сариосиё, Термиз, Шўрчи, Узун туман ҳокимликларининг расмий веб-сайти ишламаяпти;

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг барча туманларида расмий веб-сайт мавжуд эмас;

Қораўзак, Ўртачирчиқ, Учкўприк, Жомбой, Пайариқ, Каттақўрғон, Оқдарё, Пахтакор, Зафаробод, Янгиобод, Мирзачўл, Қўшкўпир, Учқудуқ, Конимех, Чортоқ туманлари ва Зарафшон шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари уларнинг расмий веб-сайтига қўйилмаган.

Қонунчиликни тизимлаштириш соҳаси

– Ўз аҳамиятини йўқотган 500 тага яқин ҳужжатлар бекор қилинди. Яна 2 мингдан ортиғини бекор қилиш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

– қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида Тегишли соҳаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхлит қонунга бирлаштириш бўйича дастур ҳамда “Йўл харитаси” лойиҳалари ишлаб чиқилди.

(Маълумот учун: Дастур лойиҳасига асосан 30 дан ортиқ соҳаларни тартибга солувчи 190 та қонунчилик ҳужжатларини яхлит қонунларга бирлаштириш назарда тутилган).

 Ҳуқуқни қўллаш амалиёти

Шу йил вазирлик томонидан 20 та соҳада хуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди, натижасига кўра 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари (шундан 8 таси қабул қилинди) Ҳукуматга киритилди.

1. Ер қонунчилиги соҳасида:

Муаммолар:

– мутасадди идоралар томонидан тизимга фақат энг чекка ва зарур инфратузилмага эга бўлмаган ерлар номигагина ҳамда расмиятчилик учун киритилиб келинмоқда.

(Масалан, ер участкаларини аукционга чиқариш тартиби жойига чиққан ҳолда ўрганилганда, Олмалиқ шаҳар ва Пискент туман (Тошкент вилояти), Марғилон шаҳар ва Риштон, Ёзёвон, Бувайда, Фарғона, Бешариқ туманлари (Фарғона вилояти) ҳамда Навоий шаҳар ва Қизилтепа туманида (Навоий вилояти) жозибадор ва талаб юқори бўлган ер участкалари ҳокимлар томонидан тўғридан-тўғри ажратилган).

– ерга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш бир четда турсин, ердан фойдаланувчиларга амалда етказилган зарарлар ҳам қопланмаяпти.

(ҳокимликлар томонидан қабул қилинган 27 мингдан ортиқ (2019 йилда 22,5 мингта, 2020 йил 6 ойида 5 мингга яқин) ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги қарорларнинг 25 мингдан ортиғида (93 %) ердан олдинги фойдаланувчиларнинг кўрган зарарлари ва бой берилган фойдаси ўрнини қоплаб бериш назарда тутилмаган).

 суғориладиган экин ерларини қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда бериш ҳолатлари учрамоқда.

(Маълумот учун: 67 гектардан ортиқ суғориладиган экин ерлари бошқа мақсадларда ажратилганлиги аниқланди. Булар фақат танлов асосида ўрганилганда аниқлаганлар. Наманганда 54,2 га, Андижонда 8 га, Хоразмда 2,2 га, Самарқандда 2 га ҳамда Жиззахда 1,2 гани ташкил этади).

– ерларни ажратиб беришнинг амалдаги тартиби шаффоф эмас (фермер хўжаликларига ерлар 18 йил аввал қабул қилинган Низом бўйича 7 босқичли анъанавий усулда ўтказиладиган танлов асосида ажратилмоқда), деҳқон хўжаликка эса тўғридан тўғри бериш мумкин;

– ҳудудларда мажбурий тарзда аризаларни ёздириш орқали ижара шартномаларини “ихтиёрий” бекор қилиш амалиёти кенг тарқалган.

Танзила Камаловна!

Қишлоқ хўжалиги соҳаси инвестиция объектига айланиши керак. Бунинг учун ерга бўлган ҳуқуқлар барқарор бўлиши керак. Шундагина ўзимизни фуқаролар ҳам инвестиция киритади, тупроқ ва ҳосил унумдорлиги ошишига ҳаракат қилади.

Ерни олиб қўйиш жуда қаттиқ бюрократик жараён бўлиши керак. Треспасс – АҚШда бекорга ривожланмаган.

Қишлоқ хўжалиги кўп йиллар давомида кўплар салбий ҳолатлар манбаи бўлиб келган: мажбурий меҳнат ҳам бўлган, барча давлат органларини ҳам пахтага жалб қилиш бўлган, фермерларни ҳуқуқини поймол қилиш ҳам, ерларни талон тарож қилиш ҳам. Мана энди янги муносабатлар шаклланяпти, кластерлар, кооперациялар. Энди уларни ҳам ҳуқуқий ягона ва аниқ тартибга солиш керак. Фикримизча шартнома бунинг энг мақбул механизмидир.

Шу муносабат билан қуйидагиларни таклиф этиш мумкин:

– ҳокимларнинг ер участкаларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш институтини бекор қилиш.

– ер участкаларини тоифасига қараб тадбиркорлар ва фуқароларга электрон онлайн-аукцион, танлов, энг яхши таклифни танлаш орқали (йирик инвестиция лойиҳаси бўйича) ҳамда давлат-хусусий шериклик битими асосида ажратиш.

– ер қонунчилигини бузганлик учун биринчи навбатда иқтисодий ҳамда маъмурий чоралар қўллаш;

– ер участкасига бўлган ҳуқуқларни тугатишнинг асосларини кескин камайтириш керак.

2. Фармацевтика соҳасида.

Муаммолар:

 мамлакатимиздаги бой доривор ўсимликлар фонди потенциалидан унумли фойдаланилмаяпти.

Халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71 таси (20%) республикамизда етиштириш имконияти мавжуд бўлсада, улардан атиги 10 тасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Шу боис, доривор ўсимликларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг Фармони (ПФ–6044, 24.08.2020 й.) билан ушбу фаолият учун лицензиялар бекор қилинди. Бу албатта дастлабки қадам. Келгусида мутасадди идоралар ушбу масалага алоҳида эътибор билан ёндашади деб умид қиламиз.

 аксарият вилоятлардаги ижтимоий дорихоналар зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ ҳажмда таъминланмаган.

Сурхондарё, Тошкент, Навоий, Сирдарё вилоятларида жойлашган ижтимоий дорихоналаридан аксарият керакли дориларни топиб бўлмайди.

Айрим ҳудудларда (Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари) ижтимоий дорилар қиммат ва ҳар хил нархларда сотилмоқда.

 антибиотиклар истеъмол қилиш ҳажмлари ортиб кетмоқда.

(Мисол учун, 2018 йилдан 2020 йилнинг 1 ярим йиллиги мобайнида 230 млн. АҚШ долларлик 300 млн. донага яқин антибиотиклар импорт қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг AWaRe индексида Ўзбекистон антибиотик истеъмоли умумий 50-60%ни ташкил этувчи 20 та давлатлар қаторига кирган. Мазкур ҳолатнинг ўз вақтида назоратга олинмаслиги келгусида унинг салбий оқибатлари билан курашишга мажбур қилади).

Таклифлар:

– Ўзбекистонда мавжуд доривор ўсимликлардан дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш. Бунда, доривор ўсимликлардан фойдаланиш бўйича илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, доривор ўсимликлар бўйича илмий лойиҳаларни саноатга йўналтириш;

– ижтимоий дорихоналар фаолияти устидан самарали назорат механизмларини жорий қилиш;

– антибиотик дори воситалари истеъмолини тартибга солиш мақсадида ягона давлат сиёсатини ҳамда миллий стратегияни ишлаб чиқиш.

3. Маъмурий амалиёт соҳасида:

Давлат органлари томонидан қўлланилаётган жарималар кенг жамоатчиликда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан, давлат органларнинг маъмурий ишларини ўрганиш амалиётини йўлга қўйдик.

Хусусан, 31 та маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органларнинг 12 таси томонидан 2019 йилда кўриб чиқилган жами 30 мингдан ортиқ маъмурий амалиётга доир ҳужжатлар кўриб чиқилди.

Муаммолар:

– жарима солиш тўғрисидаги қарорлар нотўғри малакаланган ҳолда қабул қилинган.

(Маълумот учун: Давлат санитария назорат органлари томонидан Хоразм вилоятида 106 та, Сирдарёда 9 та, Андижонда 8 та, такрорланган).

– тадбиркорларга жарималар фақат суд орқали қўлланилиши белгиланган бўлсада, уларга тўғридан-тўғри маъмурий жазо чоралари қўлланилмоқда.

Маълумот учун: жами 300га яқин ҳолатда тадбиркорлик субъектларига нисбатан 285,1 млн. сўмлик маъмурий жарималар тўғридан-тўғри қўлланилган.

– маъмурий жарималар санкция доирасида қўлланилмаган.

Маълумот учун: давлат санитария назорати органларида 423 та, давлат меҳнат инспекцияси органларида 96 та ва агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси органларида 13 тани ташкил этади.

Қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан адлия органлари томонидан ваколатли ташкилотларга 158 та тақдимнома, 16 та огоҳнома, 3 та маъмурий таклиф, жами 177 та таъсир чоралари киритилди.

– ушбу органларнинг деярли барчаси маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

4. Давлат-хусусий шериклик соҳасида:

Муаммолар:

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тендер ўтказилмасдан берилмоқда ва бу соҳада ягона амалиёт мавжуд эмас.

Ижтимоий соҳаларда лойиҳалар идоравий ёндашув асосида берилаяпти. Натижада, соҳадаги ҳуқуқий барқарорлик ва қонунийлик издан чиқмоқда.

(Мисол учун, соҳада ягона Қонун ва тартиб (ВМҚ–259, 26.04.2020 й.) бўлишига қарамасдан таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, қурилиш каби соҳалардаги ДХШ лойиҳаларини тартибга солувчи 6 та соҳавий қонун ости ҳужжатларидан фойдаланилмоқда).

Таклиф:Республиканинг барча ҳудудларида ушбу соҳада ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини жорий қилиш.

5. Шартномавий муносабатлар соҳасида:

Муаммолар:

– шартномалар тузишда ёки шартнома шартларини эркин белгилашда қонунчиликда бир қатор чекловлар ўрнатилган (1996 йилдан бошлаб маҳсулот етказиб бериш бўйича бартер шартномасини тузиш тақиқланган).

(Бу эса, ҳозирги пандемия даврида тадбиркорларнинг пул маблағлари етарли бўлмаганда товарларни айирбошлаш орқали уларни реализация қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Хорижий мамлакатларда бартер шартномаларини тузиш кенг қўлланилаётган бўлиб, ҳозирги пандемия шароитида тадбиркорлар томонидан ўз бизнесини сақлаб қолишида ва товар айланишини оширишда ижобий роль ўйнамоқда);

– Тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишда ҳам чекловлар мавжуд;

– Чет эллик тадбиркорлар билан масофадан туриб электрон тартибда шартномалар тузиш бўйича ҳозирги кунга қадар ҳуқуқий асослар яратилмаган;

– Тадбиркорлар томонидан маҳсулотлар сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий шартномалар лойиҳаларини очиқ равишда бепул олиш имконияти мавжуд эмас.

(Хорижий мамлакатларда Интернет тармоқларда махсус сайтлар яратилган бўлиб, ушбу сайтларда шартномаларнинг намунавий шакллари жойлаштирилиб борилади).

Таклифлар:

– бартер шартномасини тузиш бўйича тақиқларни олиб ташлаш.

– етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилиш амалиётини жорий этиш.

– масофадан туриб электрон тартибда шартномалар тузиш амалиётини жорий этиш.

– маҳсулотлар сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва махсус сайтга жойлаштириш.

Якуний хулоса:

Афсуски ҳозирги кунда тепадан қуйи поғонагача бўлган давлат хизматчиларининг функционал вазифалари ва амалда бажараётган ишлари бир бирига тўғри келмайди.

Шунинг учун Қонунни нафақат аҳолига, балки давлат хизматчиларига айниқса давлат бошқарувининг энг қуйи бўғинлардаги ҳуқуқни қўлловчиларига тўғирлаб тушунтириш керак. Бунда фақатгина ўқиш ташкил этиш йўли билан чекланмасдан, ҳар бир қонун доирасида барча даражадаги давлат хизматчисининг аниқ функционал вазифаларини белгилаб бериш керак.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бажаришимиз керак бўлган ишларимиз кўп!

Шунинг учун юқоридаги қилинган ишлар билан чекланиб қолмасдан, ушбу соҳани янада такомиллаштириш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз зарур. Буни замоннинг ўзи талаб қиляпти!

Эътиборигиз учун раҳмат!