Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



13:11:30 (GMT +5), Пш, 18 апр 2024

Адлия вазири Р.Давлетовнинг “Toshkent yoshlar forumi – 2020”даги маърузаси RSS обуна

Адлия вазири Р.Давлетовнинг “Toshkent yoshlar forumi – 2020”даги маърузаси


Ассалому алайкум, азиз ёшлар!

Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати тубдан ўзгарганини ўзингиз кўриб турибсиз. Бугунги кунда Президентимиз ҳам ёшларга кўпроқ имкон бериш лозимлигини айтмоқдалар ва ўзлари буни амалда кўрсатиб бермоқдалар.

Бугун ёш, билимли кадрларга таяниш, уларни юқори лавозимларга тайинлаш кузатилмоқда. Чунки ёшлар тараққиётни ҳаракатлантирувчи асосий куч эканини мамлакатимиз раҳбарияти яхши англаб турибдилар.

Таълим ва кадрлар сиёсати

Мустақил мамлакатимиз тараққиётининг маълум босқичида ёшлар таълимига алоҳида эътибор қаратилгани ва катта инвестициялар йўналтирилганини биласиз.

Ўша пайтларда ташкил этилган “Умид” жамғармаси грантлари асосида хорижда ўқиб қайтган ёшлар авлодининг вакиллари бугун жамиятнинг локомотивига айланиб, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда.

Албатта, ёшларимизнинг хорижда таълим олиши яхши. Аммо бизга кўплаб билимли, салоҳиятли кадрлар керак. Бизга ҳамма ёшларимиз билимли ва маърифатли бўлиши муҳим. Шу сабабли мамлакатимизда олий таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йил олий таълим квоталари сезиларли даражада оширилганига гувоҳ бўлдик. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхтаб ўтилган. Хусусан, уларга стипендиялар, мукофотлар, давлат грантлари ажратиш, ёшларга оид халқаро тажриба алмашинуви, уларнинг илмий-тадқиқотлар билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш каби қатор масалалар кўзда тутилган.

Шунингдек, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, хусусан, турли бюрократик ва бошқа тўсиқларнинг камайиши натижасида юртимизда қатор хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди. Маҳаллий хусусий олий таълим муассалари ҳам пайдо бўлмоқда.

Бироқ ҳали олдимизда турган масалалар кўп.

Бугун салоҳиятли кадрлар танқислиги муаммоси мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Биз ёшларнинг таълими ва маърифатига оид муҳим масалаларни ўз вақтида ечмаганимиз учун бугун кадрлар тақчиллиги муаммосига тўқнаш келяпмиз.

Бугунги кунда аҳолимизнинг олий таълим билан қамраб олинганлиги кўрсаткичи 10-12 фоиз атрофида ва бу жуда паст кўрсаткич. Бу кадрлар танқислиги муаммоси билан бир қаторда ёшларнинг арзон ишчи кучи сифатида хорижга чиқиб кетишига ҳам олиб келмоқда.

Биз дунёга арзон ишчи кучи эмас, малакали мутахассислар етказиб берадиган мамлакатга айланишимиз керак. Масалан, Ҳиндистон каби. Бугун миллионлаб ҳинд ёшлари хорижда ишлаб юришибди. Аммо улар қора ишчи эмас, аксари юқори малакали кадрлар, муҳандислар, дастурчилар, шифокорлар... Уларнинг мамлакат иқтисодига ва имижига қўшадиган ҳиссаси катта. Қолаверса, улар ўзидан кейин келаётган ёш авлодга катта ибрат ва рағбат бўлади, натижада укалари ҳам уларга ўхшашни истайди.

Бизда ҳам ана шундай тараққиётга етакловчи авлодлар алмашинуви рўй бериши керак. Бунинг учун таълимга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бизнинг ёшлар ҳам дунёнинг етакчи компанияларида ишлаши, янги оламшумул корпорацияларга асос солиши керак.

Ҳозир айни ўқийдиган ва ишлайдиган давр. Айниқса, сизнинг ёшингизда. Мамлакатга кенг мушоҳадали, узоқни кўра биладиган, вазиятни атрофлича таҳлил қила оладиган ёшлар керак.

Ёшлар ва қонун

Жамият барқарор ривожланиши учун қонунлар устуворлиги биринчи навбатдаги масала саналади. Ҳар бир иқтисоди ривожланган давлатнинг орқасида кўринмас фундамент – институтлар, қонунлар туради.

Одамлар турли қарашларга эга, кимгадир у ёки бу нарса ёқмайди, лекин қонун ҳамма нарсага торозу бўлиб хизмат қилади. Яъни у адолат мезони, давлат виждони, стандарти, ўлчови.

Шу билан бирга, жамиятда ахлоқий қоидалар ҳам муҳим – у анъаналар, кўп йиллик урф-одатлар натижасида шаклланади, ўзгаради, ривожланади. Қонунлар ҳам, аҳлоқий қоидалар ҳам уларга итоат этадиган одамлар туфайли яшайди ва амалда бўлади. Бунинг учун эса инсонда ҳуқуқий маданият бўлиши керак.

Ёшлар айнияпти, чалғияпти, бузиляпти деган гапларни эшитиб қоламиз баъзан. Аммо сўнгги йилларда статистикага кўра ёшлар орасида жиноятчилик сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда. Бу қувонарли, албатта. Демак, маърифатли ва қонунга итоаткор ёшлар авлоди келяпти дейиш мумкин.

Бироқ олдинда қиладиган ишларимиз кўп.

Хусусан, жиноят билан курашишда дастлаб ёшларни жиноятга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш лозим.

Ёшлар нима учун жиноятга қўл уради? Ёшлар асосан бекорчилиги, эътиборга муҳтожлиги, ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, ахлоқий меъёрларни менсимаслиги туфайли жиноят содир этади.

Сўнгги уч йилда ёшларга имкониятлар яратиб беришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бу ҳужжатларда асосан ёшларнинг бандлиги, таълими, турар-жой ва бошқа кўплаб масалалар қамраб олинган.

Лекин бу қонунларга амал қилиниши масаласи бор. Қонунларга амал қилиниши учун, аввало, уларни яхши билиш, мазмун-моҳиятини англаш керак.

Адлия вазирлиги аҳоли ўрасида ҳуқуқий тарғиботга масъул давлат органи саналади. Биз ёшлар ўртасида ҳуқуқларни тарғиб қилиш учун янгича ёндашувлар қиляпмиз. Масалан, турли танловлар, флешмоблар, акциялар ва ҳоказо.

“Бола ҳуқуқлари” сайти, болалар учун ҳуқуқий қўлланма, “Street-law” тадбирлари шулар жумласидандир.

Мамлакатимиздаги ҳар бир ёш ўзини қонун ҳимоясида эканини ҳис қилиши, шу билан бирга муаммоларга фақат қонун доирасида ечим топишга интилиши лозим. Чунки тараққиёт қонунларга итоатдан бошланади.

Ёшлар тадбиркорлиги

Замонамиз ёшлари “Мен атрофимда нимани ўзгартира оламан?” деб фикрламоқда. Бу жуда қувонарли ҳол. Ёшларга шу атрофни, жамиятни, турмушни ўзгартириш ва келажакни яратиш имконини бериш керак.

Бу ўринда ёшларнинг ватанга дахлдорлик ҳисси катта аҳамиятга эга. Ёшларимиз ўзининг келажагини Ўзбекистон билан боғлаши, шу маконда ўз ғояларини амалга оширишга интилиши муҳим.

Шу мақсадда давлат раҳбари томонидан бир қанча фармон ва қарорлар имзоланди. Масалан, “Ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида”ги Қонун, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури шулар жумласидандир.

Ушбу дастур ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очиб беради. Дастур доирасида ёшларимизнинг қарийб 2000 та лойиҳаларига 438,6 млрд. сўм ажартилиб, пировардида 85 000 га яқин иш ўрни яратилди.

Бугунги кунда кўплаб ёшларимиз ушбу дастур асосида ўз бизнесларини бошлаб, ғояларини амалга оширмоқдалар. Табиийки, бу ёшларнинг эртанги кунга ишончини оширади ва шу ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.

Куни кеча “Халқаро бизнес юритиш рейтинги”да мамлакатимиз 7 та пунктга юқорилагани қайд этилди. Эътиборлиси шуки, рейтингда Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатга олиш” кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 8-ўринни эгаллаб, тарихда биринчи марта кучли 10 таликдан жой олди.

Бу ёшлар учун жуда муҳим. Чунки тадбиркорликнинг илк қадамлари бизнесни рўйхатдан ўтказишдан бошланади. Ёшларимиз ҳар қандай дадил ғояларини, “старт-ап”ларини бошлар эканлар, энтузиазмга тўла бўладилар, келажакка режалари катта бўлади. Ғояни туғилган заҳоти амалга оширишга киришгиси келади. Шу даврда турли бюрократик тўсиқлар билан унинг иштиёқини сўндириб қўймаслик муҳим.

Ҳозир бизда бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун бир неча соат кифоя. Жараёндан турли ортиқча ҳужжатбозликлар, расмиятчиликлар олиб ташланди, инсон омили аралашуви камайтирилди, табиийки, бунинг ортидан коррупция ҳам йўқолди.

Азиз ёшлар!

Давлатимиз сизга ишониб, шунча имкониятлар яратиб бераётган экан, биздан қонунларга итоат этган тарзда ушбу имкониятлардан фойдаланиш талаб этилади, холос.

Ҳали ўзимни жуда катта авлод деб ҳисобламайман. Мен ҳам кечагина сизлардек талаба, ёш эдим. Бугун мамлакатимизда ёшларга ишонч ортиб бораётганини кўриб турибсиз.

Тарихда бундай ёш вазирлар, вазир ўринбосарлари, ректорлар бўлмаган. Президентнинг маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига-ку умуман бу қадар ёш кадр ҳеч қачон тайинланмаган. Президентимиз сизга, бизга ишонмоқдалар.

Бугунги учрашувимиздан сўнг сиз ҳам давлатимизнинг ёшларга нақадар ишониб, умид боғлаб турганини сезишингизни истар эдим. Бунинг албатта ўзига яраша ифтихори, масъулияти бор ва сиз буни яхши билишингизга аминман.

Адлия вазирлиги ҳамиша ёшлар томонда, ёшлар ёнида, уларга ҳуқуқий кўмакдош бўлиб қолади.

Эътиборингиз учун раҳмат.