Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



22:32:04 (GMT +5), Сш, 23 апр 2024

"Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар" номли халқаро конференциядан RSS обуна

"Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар" номли халқаро конференциядан


“Ўзбекистонда ҳукумат модернизацияси” ҳақида гап кетар экан Ҳаракатлар стратегиясининг ушбу йўналиши бўйича сўнгги 5 йил мобайнида ҳукумат таркибига кирувчи давлат органлари фаолиятини ишонч билан “қайта юкланди” (переустановка) дейиш мумкин.

– Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилиниб, давлат бошқарувининг тизимини такомиллаштиришнинг асосий 6 та йўналишлари белгиланди;

– давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шу жумладан давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қуйидаги 3 та муҳим қонун қабул қилинди:

ü    Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун;

ü    “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун;

ü    “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун.

Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини жорий қилиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан:

– Очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар Рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 33 та очиқланиши мажбурий бўлган маълумотлар киритилган;

– давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади ва унинг натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;

– очиқликка оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади;

– ҳар бир идоранинг йил давомида қилган ишлари бўйича ҳисоботи веб-сайтга жойлаштирилади, мутасадди шахслар тегишли маълумотни матбуот анжуманлари орқали аҳолига ахборот тақдим этиб боришади;

жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бунда жамғарма маблағлари жамоатчилик назоратининг ҳар қандай шакллари, шу жумладан жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

Шу билан бирга:

– номарказлаштириш жараёни орқали ҳокимликларнинг 26 та республика даражасидаги функциялар тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликларга ўтказилди;

– давлат хизматларини кўрсатиш бўйича мутлақо янги ва самарали тизим жорий этилди. Хусусан, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи алоҳида давлат органи – Давлат хизматлари агентлиги ҳамда давлат хизматлари марказлари ва уларнинг 115 та филиаллари ташкил этилди. 150 дан ортиқ давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этиш тизими йўлга қўйилди, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони 70 бараварга ортди. Таҳлилларга таянадиган бўлсак, бир йилда ўртача 12 млн хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, экстерриториал хизмат кўрсатишда 18 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди;

– 2017 йилдан буён республиканинг барча ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, амалиётда учраётган камчиликларни бартараф этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имконини бермоқда. Фақат 2017 йил ҳисобидан Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 1,4 млн дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 1,2 млн ни ташкил этди.

– давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида давлат хизматини ташкил этишга масъул бўлган ягона давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди;

– Бундан ташқари, ходимларни давлат хизматига қабул қилишда сифат таркибини таҳлил қилиш, шунингдек, очиқ ва шаффоф танловларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ягона дарча тамойили асосида онлайн режимда ишлайдиган “Давлат фуқаролик хизматчилари бўш иш ўринлари ягона портали" (vacancy.argos.uz) ишга туширилди. Айни пайтда ушбу порталга 44 вазирлик ва идора, 10 вилоят ва 190 туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган.

– электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва ушбу соҳада узоқ муддатга мўлжалланган кенг кўламли чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди;

– давлат-ҳокимият ваколатлари берилган ва самарасиз деб топилган 110 та идоралараро коллегиал органларнинг фаолияти тугатилди;

– давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини қисқартириш мақсадида давлат функцияларини хусусий сектор субъектларига ўтказиш бўйича ҳуқуқий механизм яратилди. Унга кўра, 2021 йилдан бошлаб 6 та давлат функциялари хусусий секторга ўтказилди ҳамда бу йўналишда ҳаракатлар давом этмоқда;

 давлат органларининг тартибга солиш функциялари тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, 2021 йил 1 январдан бошлаб 16 та лиценцияланадиган фаолият турлари ва 10 та рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинди, 45 та лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бирлаштириш йўли билан бекор қилинмоқда;

– ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражасини, шунингдек “Ҳуқуқ устуворлиги” индекси бўйича ҳудудларда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашнинг рейтинг тартибида баҳолаш тизимлари жорий этилди.

Шунингдек:

“Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. Порталда ҳозирда     12 мингдан ортиқ маълумотлар очиқланган;

– Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали тубдан такомиллаштирилди. Эндиликда, порталда 150 дан ортиқ давлат органлари ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги 8,4 мингта очиқ турдаги ахборот мавжуд бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар 19 та соҳадаги ахборотдан тўсиқларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Бугунги кунда портал фойдаланувчилари сони 7 млн. 700 мингдан ошган. Шунингдек, 2021–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди;

– маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими (“E-qaror”) жорий қилинди. Ушбу тизим орқали бугунги кунга қадар 5000 га яқин маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишлари белгиланган тартибда келишилди, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди ва қабул қилинди;

– ҳар бир давлат органи, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан ташкил топган жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат бошқаруви органларининг ваколатли ходимлари ҳисоботларини эшитиш бўйича “Ҳукумат соати” тизими жорий қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бундан асосий мақсад - вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, вазифалари ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш.

Маърузам якунида ушбу халқаро анжуман иштирокчиларини яна бир бор қутлаган ҳолда, шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, бу майдон ўзаро фикр алмашиш ва тажриба орттириш воситаси сифатида хизмат қилади. Умид қиламанки, шу каби нуфузли тадбирлар мамлакатимиз довруғининг дунё ҳамжамияти нигоҳида ошишига замин яратади ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида тарихда қолади.

Эътиборингиз учун ташаккур!