Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



10:29:05 (GMT +5), Жм, 26 апр 2024

Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 29 йиллик байрами муносабати билан RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 29 йиллик байрами муносабати билан


Ассалому - алайкум ҳурматли ҳамкасблар!

Шу кунларда халқимиз мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинган кунни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Аввало, Сизларни қутлуғ сана – мамлакатимизнинг Асосий Қонуни – Ўзбекистон Конституциясининг 29 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў - эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир.

Конституцияни яратишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига қатъий амал қилинди.

Биз Конституциямизнинг халқаро, демократик андоза ва талабларга жавоб беришини, жумладан, унда инсон ҳуқуқи, уни ҳимоялашга қаратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутганини эътироф этишимиз керак.

Сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда тадбиркорларга кенг имтиёзлар яратиб беришдан иборатдир.

2017 йил эълон қилинган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида белгиланган ҳар бир йўналиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида жорий йил “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида 7 та йўналиш бўйича Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 2021 йил 22 ноябрь куни “2022–2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармойиши қабул қилинди. Мазкур Фармонда давлат органлари ва ташкилотлари қаторида Адлия вазирлиги зиммасига ҳам бир қатор муҳим вазифалар юклатилди. Ҳозирги кунда вазирлик томонидан ушбу  вазифаларнинг ижроси бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Бизга берилган ишончи оқлашда, вазифаларни ўз вақтида ва пухта бажаришда  вазирлик ходимларига куч-қувват ва матонат тилаб қоламан.

Ҳурматли ҳамкасблар!

2021-йилнинг ўтган даври давомида давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳам бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.

Хусусан, вазирлик томонидан 2021 йил 9 ойи давомида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган жами 1 929 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларидан 1 694 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 235 таси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига мувофиқ тақдим этилмаганлиги сабабли қайтарилган

Вазирлик ташаббуси билан ишлаб чиқилган қуйидаги ҳужжатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

-  “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони;

- “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони;

- “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармонлари.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши йўлга қўйилди. 33 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди. Бунинг натижасида йилига ўртача 2 млн.га яқин фуқаронинг оворагарчилигига чек қўйилди ва уларнинг қарийб 30 млрд сўмдан ортиқ маблағлари тежаладиган бўлди.

Вазирлик томонидан ҳуқуқий қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан,
2021 йилинг ўтган даври давомида 11 та давлат органлари ва ташкилотларида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш натижаларига кўра 31 та таҳлилий маълумотномалар юқори турувчи идораларга киритилди.

Шунингдек, яна бир муҳим ўзгаришлардан бири давлат органлари ва ташкилотларига электрон тартибда юридик хизмат кўрсатиш имконини берувчи “E-huquqshunos” ягона электрон тизими ишга туширилди.

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ҳам бир жойда тўхтаб қолганимиз йўқ. 2021 йилнинг 9 ой давомида давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан 7,2 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди,
12 та давлат хизматлари оптималлаштирилиб, 6 та бепул давлат хизматлари жорий қилинди, 23 та маълумотномаларни реал вақт режимида олиш имкони яратилди.

Шунингдек, давлат хизматлари учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони 181 тадан 86 тага камайтирилди. Давлат хизматларидан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар соддалаштирилган тартибда бир иш куни ичида қайтарилиши йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ҳам муҳим масала ҳисобланади. Шу сабабли интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулк ҳимояси марказлари ташкил этилди. Интеллектуал мулк объектларини тезкор экспертиза қилиш тартиби жорий этилиб, экспертиза муддати 7 ойдан 3 ойга қисқартирилди.

Хабарингиз бор Адлия вазирлиги ҳар йили аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, шунингдек қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига тезкор ва тушунарли тилда етказишда фаол бўлган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари, жамоатчилик фаоллари хамда ОАВ вакилларини “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келади.

Бу йил мазкур кўкрак нишони билан тақдирлашга 60 дан ортиқ номзодлар орасидан 13 нафари муносиб деб топилди. Номзодларни кўкрак нишонлари билан тақдирлашга русхат берсангизлар.

Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек  қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳоли қатлами ҳамда ижрочиларга етказишдан иборат.

Адлия вазирлиги томонидан биринчи маротаба Конституциявий суд билан ҳамкорликда фуқароларнинг Конституция ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилди.

Имтиҳонда жами 50 минг нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтган бўлиб, иштирокчиларнинг ижодий саволларга жавоблари баҳоланиб 10 нафари финал босқичига йўл олган эди. Финал босқичи натижаларига кўра 3 нафар фуқаромиз ғолиб деб топилди.

Яна бир бор Сизларни Конституциямиз байрами ҳамда яқинлашиб келаётган янги 2022 йил билан самимий қутлайман, бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, хонадонларингиздан файзу-барака аримасин.

Тараққиёт йўлимиз ёруғ, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!