Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



15:57:01 (GMT +5), Жм, 26 апр 2024

Адлия вазири: фуқаролар ҳамда бизнес вакиллари қарор қабул қилувчилардан очиқ, шаффоф ва далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда. RSS обуна

Аҳамият беринг

Адлия вазири: фуқаролар ҳамда бизнес вакиллари қарор қабул қилувчилардан очиқ, шаффоф ва далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда.


Жорий йилнинг 21 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда адлия вазири сўзга чиқиб, Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдаги натижалар билан бўлишиш ва истиқболдаги режалар хусусида тўхталди.

“Биз айтяпмизки, ҳар бир ҳужжат қабул қилинишидан олдин уни нимага олиб келишини билайлик, бу эртага қандай оқибатларга олиб келади, ёки бизнес субъектларига нисбатан қандай енгиллик ёки оғирлик олиб келади. Қабул қилинган қарорлар кичик оилага эмас, бутун халққа, бизнес субъектларга таъсир қилмоқда.

Масалан, яқинда Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар объектларига камералар ўрнатиш кераклиги назарда тутилган. Биз бу ғояни илтимос қилиб оқибатларини ўргандик. "Қандай камера? Қаерга ўрнатиш керак? Бунга қанча маблағ кетади? Бу талабларни ижроси бизнес субъектларини қўлидан келадими, йўқми?" каби саволлар ортидан катта комплекс масалалар чиқди ва натижада тегишли хулосалардан кейин бу қарорни қабул қилмайдиган бўлдик. Бу биз қўйган мақсадга эришадиган механизм эмас экан.

Жамият учун унинг хавфсизлиги ва соғлом турмуш тарзини ҳимоя қилувчи қоидалар албатта зарур, бироқ, уларнинг сифати ва самарадорлигини таъминлаб беролмасак, аксинча иқтисодий ривожланиш йўлида, яъни бизнес юритишда тўсиқлар яратилишига, маъмурий юкка олиб келиши мумкин.

Биз маъмурий юкни жуда қаттиқ назорат қилишимиз керак, чунки бизнес ҳуқуқий ҳужжатларни ичида бўкиб қолмаслиги керак” деб таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбиркорлик соҳасидаги хусусан, техник қоидалар ҳақида гапириб бир мисолни келтирди: “Яқинда биз умумий овқатланиш шаҳобчаларини таҳлил қилдик, бир томондан қаралганда тўғри енгилликлар берилган.

Лекин улар фаолиятига раҳбарлик қиладиган ҳужжатларда ўзгариш йўқ, улар эски талаблар, бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Масалан, санитария ва гигиена қоидалари эски тартибда турибди. Тадбиркор, бу эскича тартибни тушунунмайди, билмайди, бажариши ҳам қийин. Бундан эса, текширувчи манфаатдор. Шунинг учун коррупцияга қўл уради” – деди вазир Р. Давлетов.

Нима демоқчимиз, тартибга солиш таъсири деганда бугун дунёда бўлаётган стандартлар, кадриятлар бошқача, яъни регулятор бизни қандай бошқармоқчи, эртага бизни бўйнимизга қандай талабларни қўймоқчилигини одамлар олдиндан билиб туриши керак. Регуляторнинг ҳар бир ҳаракати очиқ бўлиши керак.

Бугун жамиятимиз, шу жумладан фуқаролар ва бизнес вакиллари қарор қабул қилувчилардан очиқ, шаффоф ва далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда.

Далилларга асосланган қарорларни қабул қилиш тартибга солиш сиёсати орқали қабул қилинади.

Бу борада Ўзбекистонда норма ижодкорлигини модернизация қилиш, қонунлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ “ақлли тартибга солиш” воситалари, жумладан, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими жорий этилаётганлиги тўғрисида гапириб, “бугунги анжуманнинг аҳамияти катта эканлиги, ҳамма вазирликлар норма ижодкорлигида шаклланган “маданият”ни ўзгартириши керак. Афсуски бу йўналишда ҳали қиладиган ишимиз кўп. Одамлар қабул қиладиган, эртага ижроси таъминланадиган қонунлар қабул қилиниши керак” деб таъкидлади.

Анжуманда таҳлилларга тўхталиб, 2018 йилда қабул қилинган 1545 та яхлит ҳужжатларнинг 73 фоизига бугунги кунда ўзгартиришлар киритилганлиги ёки ушбу ҳужжатларнинг 30 фоизига, жумладан, тадбиркорликка оид ҳужжатларнинг 80 фоизига бир йил ичида ўзгартиришлар киритилганлиги айтилди.

Бу кўрсаткичлар тартибга солиш таъсирини баҳолаш институтининг норма ижодкорлиги жараёнида қанчалик зарурлигини яна бир бор исботламоқда.

Қонунчилик ҳужжатлари аниқ ижобий натижаларга йўналтирилиши ҳамда жамият манфаатларига хизмат қилишидан барчамиз бирдек манфаатдор бўлишимиз керак", деб таъкидлади вазир.