Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



03:41:33 (GMT +5), Яш, 28 апр 2024

Қулай ишбилармонлик муҳити кичик бизнес ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда RSS обуна

Қулай ишбилармонлик муҳити кичик бизнес ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда



Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Н.ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

Тадбиркор — қонун ҳимоясида

Юртимизда бозор иқтисодиёти асосларини, авваламбор, унинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада истиқлол йилларида хусусий мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш, мулк эгалари синфини шакллантириш, иқтисодиётни либераллаштиришни таъминлаш, тадбиркорлик, аввало, кичик бизнес фаолиятини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш, кенг тармоқли бозор инфратузилмасини барпо этишни кўзда тутадиган қонун ҳужжатларининг бутун бир мажмуаси яратилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, биргина, жорий йилнинг 6 ойида тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар фаолияти эркинлигини таъминлашга қаратилган 113 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани диққатга сазовордир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан соҳага оид 374 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан, 68та идоравий-меъёрий ҳужжат эса давлат рўйхатидан ўтказилди.

Эътиборлиси, ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли тадбиркорлар ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик каби бюрократик тўсиқлардан халос бўлди, вақти ва маблағини тежаш имконияти яратилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларда тадбиркор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий этилди. Айни чоғда қонунчилик асосида тадбиркорга таъсир чораларини фақат суд тартибида қўллаш белгиланди. Назорат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиб, текшириш ўтказгани учун етказилган зарарнинг ўрнини қоплагани ҳолда, маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди.

Умуман олганда, тадбиркорлик субъектларига бир қатор қўшимча имтиёз ва преференцияларни тақдим этиш бўйича амалга оширилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар ишбилармонлик муҳитида ижобий ўзгаришларни таъминлади. Яратилган бу имкониятлар натижасида 2000 йил билан таққослаганда, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31 фоиздан 54 фоизгача кўпайди. Ушбу соҳада банд бўлганлар сони шу давр ичида 2баробардан кўпроқ ошди ва иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганларнинг 75,1 фоизидан кўпроғи унинг улушига тўғри келади.

Президентимизнинг 2012 йил 16 июль куни имзоланган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Унга кўра, рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил ва 
15 та лицензияланадиган фаолият турини бекор қилиш белгиланди. Шу асосда лицензияланадиган фаолият турлари бўйича бундай характердаги ҳужжатларни олиш учун тўланадиган йиғимлар миқдори камида 2 баробарга камайтирилади. Айни чоғда тегишли давлат статистик, молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисобот турлари бекор қилиниши ва бир-бирини такрорловчи шаклларни бирлаштириш эвазига шундай ҳисоботлар миқдори ва уларни тақдим этиш даврийлиги белгиланган муддатларда қисқартирилади.

Шунингдек, айрим фаолият турларини лицензиялаш тартибини соддалаштириш мақсадида, 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб ноширлик фаолияти, қурилиш лойиҳалари экспертизасини ўтказиш, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш каби фаолият турлари учун лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши белгиланди. Бунда мазкур фаолият турларини амалга ошириш учун аввал берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатлари чекланмаган, деб ҳисобланади.

Тадбиркорларга янада қулай шароит яратиш мақсадида интернет тармоғида ягона веб-сайт яратиб, унга лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхати, лицензия ва рухсатномалар олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот, тегишли фаолият турларини амалга ошириш учун лицензия ва рухсатномалар олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги доимо янгиланиб бориладиган маълумотларни жойлаштириш белгилаб қўйилди. Бу тадбиркорларимизнинг соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан тезкор фойдаланиш ва хабардорлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Мазкур Фармонда Адлия вазирлиги зиммасига ҳам аниқ вазифалар юкланди. Яъни прокуратура органлари билан ҳамкорликда ҳисоботларни тақдим этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг сўзсиз риоя этишлари устидан мунтазам назоратни ўрнатиш, бюрократик ғовларни бартараф этиш ва қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июль куни қабул қилинган“Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон эса, халқаро экспертлар томонидан жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали тўлиқ бартараф этилмаган бир пайтда Ўзбекистоннинг дадил инқилобий қадамларидан бири, дастуриламал ҳужжат дея баҳоланмоқда. Унда қонунчиликни такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013/2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Ушбу Дастурда тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, шартнома муносабатларининг бажарилиши учун жавобгарлик, ташқи иқтисодий фаолият, меҳнат муносабатлари ва бошқа соҳаларда аниқ тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Жумладан, 2012 йил 1 августдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган 22 та янги норма ўрнатилди. Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат рўйхатидан ўтгунга қадар устав фондини шакллантириш бўйича қисман тўлов бекор қилинди. Айни чоғда тадбиркорлик субъектига ном бериш ҳақидаги мурожаати статистика органлари томонидан 4 соат ичида кўриб чиқилади. Аввалги тартиб бўйича бундай мурожаатлар 24 соат давомида кўриб чиқилар, бу эса тадбиркорнинг оддийгина ном олиш учун ҳам бир кун ва ундан ортиқ вақтини йўқотишга сабаб бўларди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун тижорат банкларида ҳисоб рақами очишда имзо намуналарини нотариал тасдиқлатиш ҳақидаги талаб бекор қилинди. Сув ва канализация тармоқларига уланиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризалар икки иш куни, телефон тармоқларига уланишлари эса 10 кун ичида кўриб чиқилади. Илгари тадбиркор бундай коммуникация тармоқларига уланиш учун расмий мурожаат қилгандан сўнг бир ойга қадар кутишга мажбур бўларди.

Жорий йилнинг учинчи чорагидан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этиладиган солиқ ҳисоботлари катта корхоналар учун 2,3 бараварга, кичик корхоналар ва микрофирмалар учун 1,7бараварга қисқартирилди. 2014 йилнинг охирига қадар эса барча тадбиркорлик субъектларини солиқ ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тизимига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Яна бир янгилик шундан иборатки, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қурилишни амалга ошириш учун рухсатномалар бериш муддатлари 2 бараварга, мазкур рухсатномаларни олиш бўйича харажатлар 5 бараварга, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатганлиги учун тўлов миқдори камида 20 фоизга камайтирилади. Мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддати эса 2013 йил 1 январдан бошлаб 7 кунга қисқартирилади. Худди шундай, божхона томонидан юкларни расмийлаштириш ва товарнинг келиб чиқиш сертификатини бериш муддатини 3 кун қилиб белгилаш ҳамда экспорт қилинадиган товарнинг келиб чиқиши бўйича сертифакатни бутун контракт ҳажмига бериш жорий этилади. Тадбиркорларимиз юкларни божхонада расмийлаштириш жараёнларини “бир ойна” тамойили бўйича амалга ошириш, даъво аризаси ва илтимосномаларни хўжалик судларига ўз хоҳишларига кўра, электрон шаклда юбориш ҳуқуқига ҳам эга бўладилар.

2014 йилнинг 1 январидан эътиборан, тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, давлат рўйхатидан ўтказиш механизми яратилади. Бунда рўйхатга олинган таъсис ҳужжатлари ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг электрон шаклда берилиши назарда тутилмоқда.

Маълумки, қилмишга жазо тайинлаш жиноят қонунчилигининг алоҳида институтларидан бири ҳисобланади. Иқтисодий соҳалардаги жиноятлар юзасидан суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти, етказилган зарарнинг миқдорига алоҳида эътибор қаратади. Эндиликда жиноят ишлари бўйича етказилган зарар миқдори кўпайтирилади. Яъни анча миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача, кўп миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдордаги зарар беш юз бараваридан ортиқ миқдорда белгиланди. Амалдаги қонунчилик бўйича анча миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача белгиланганини назарда тутсак, мамлакатимизда бу соҳадаги жиноий қонунчиликни либераллаштиришда яна бир муҳим қадам қўйилганлигига амин бўламиз.

Шу ўринда айтиш лозимки, Адлия вазирлигига ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қатор вазифалар юклатилган бўлиб, унинг ижроси юзасидан ўтказилаётган ўрганиш жараёнларида айрим назорат қилувчи органлар томонидан қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилаётган аниқланди. Жумладан, 2012 йилнинг 6 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан 114 та тадбиркорлик субъектида ноқонуний текшириш ўтказилган ва 1202 та ҳолатда текширишларни ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатларни бартарф этиш мақсадида ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Яъни 67 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 175 нафар мансабдор шахс маъмурий, 1458 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 15,1 млрд. сўмлик 1117та даъво аризаси киритилди.

Адлия органлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатларидан ўз вақтида хабардор бўлмаслик, фаолиятини ривожлантириш учун яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланмаслик оқибатида ишини тўхтатган 680 нафар тадбиркорнинг фаолиятини тиклашга амалий кўмак берилди. 350 мингдан ортиқ тадбиркорлар эса “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” билан таъминланди. Айни чоғда уни тўлдириш тартибига риоя қилиниши юзасидан ҳам доимий мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада соддалаштириш мақсадида тажриба тариқасида Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги инспекциясида “Ягона ойна” тизими жорий этилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади, албатта.