Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



03:51:04 (GMT +5), Сш, 14 Мая 2024

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Мустақилликнинг 22 йиллигига бағишлаб вазирликда ўтказилган байрам тадбиридаги нутқи RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Мустақилликнинг 22 йиллигига бағишлаб вазирликда ўтказилган байрам тадбиридаги нутқи




Ассалому-алайкум ҳурматли ҳамкасблар !

Сизни, Сиз орқали адлия органлари ва муассасларининг барча ходимларини Ватанимиз Мустақиллигининг қутлуғ 22 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман!

Яна бир кундан сўнг юртимиз, энг улуғ, энг азиз мустақиллик кунини катта шодиёна билан тантана қилади.

Жорий йилда ушбу байрам бутун мамлакатимиз бўйлаб “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда. Албатта, истиқлол байрамининг бу ном остида нишонланишида чуқур маъно ва мазмун бор. Негаки, миллатимиз, халқимизнинг тарихи беқиёс, Ўзбекистон деб аталмиш муқаддас Ватанимизнинг келажаги буюк! Шундай экан, бу муқаддас юртимизда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ҳамда эркинлиги энг олий қадрият сифатида эъзозланиши, ҳаётимиздаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигининг яна бир амалий ифодасидир.

Мустақиллигимизнинг йигирма икки йили давомида халқимиз Юртбошимиз раҳбарлигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан муваффақиятларга эришди. Бу муваффақиятлар табийики, осмондан тушмади, ўзгаларнинг тортиғи бўлмади, балки юксак ақл-заковат, жасорат, фидойилик натижасида қўлга киритилди.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, биз юртимизда янги ҳаёт барпо этишнинг биринчи кунларидан бошлаб ҳақиқий эркинлик ва истиқлолга эришиш – бу фақат мустақилликни қўлга киритиш эмас, балки уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қуриш ҳамда мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашдан иборат эканини англаб олдик.

Истиқлол бизни дунё билан тенглаштирди. Мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати, уни жаҳонда мустақил давлат сифатида тан олинишини таъминлади. Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизнинг улкан салоҳияти, кенг имкониятларини бутун дунё эътироф этмоқда.

Иқтисодни ривожлантиришга хизмат қилувчи устивор йўналишлар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Бунинг тасдиғи сифатида давом этаётган жаҳон молиявий–иқтисодий инқирозининг салбий таъсирига қарамасдан, Ўзбекистон дунёдаги саноқли давлатлар қаторида иқтисодий ва ижтимоий ўсишнинг юқори ҳамда барқарор суръатларини намоён этмоқда.

Буюк Британиянинг машҳур консалтинг компанияси томонидан тақдим этилган узоқ муддатли инвестициялар жалб қилиш учун жаҳоннинг энг қулай мамлакатлари рўйхатида мамлакатимиз дастлабки йигирмата давлат қаторидан ўрин эгаллаган. Бунга албатта, халқимизнинг фидокорона меҳнати натижасида эришилаётганлигига бевосита гувоҳмиз.

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунлариданоқ, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланди. Фуқаролик жамиятининг иқтисодий негизи яратилиб, мамлакат сиёсий ҳаётида кўп партиявийлик муҳит қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бугун яна бир бор эътироф этиш керакки, миллий қадриятларимизни тиклаш, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари барчамизни қувонтирмоқда.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мустақиллигимизнинг 22 йилллиги муносабати билан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатадики, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилган туб ижобий ўзгаришлар қаторида одамлар онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берган. Сўровда иштирок этганларнинг қарийб 
94 фоизи истиқлол йилларида фуқароларнинг қонунлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш даражаси ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятлар мустаҳкамланиб, Ватан тақдири учун шахсий жавобгарлик ҳисси ўсганини таъкидлади.

Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳот ва янгиланишларда адлия органлари ҳамда муассасалари ходимларининг ҳам алоҳида ўрни борлигини эътироф этиш ўринлидир.

Қонун ижодкорлиги, қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат, тадбиркорлик, шартномавий муносабатлар, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, халқаро-ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий тарғибот йўналишида амалга оширган ишларимиз самараси салмоқли бўлди.

Адлия органлари фаолиятини янда такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидадир. Ўтган йиллар мобайнида тизим фаолиятини халқаро андозалар даражасида ташкил этишга қаратилган Президентимиз ва Ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари соҳа фаолиятини янги босқичга кўтаришда олдимизга долзарб масалаларни ҳал этиш вазифасини қўйди.

Энг муҳим йўналиш – қонун ижодкорлиги борасидаги фаолиятимизни замон талаблари даражасида ташкил этишда мавжуд имконият ва кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда. Буни ижтимоий-иқтисодий фаолият рағбатига хизмат қилувчи ўнлаб қонун ижодкорлигида кўришимиз мумкин.

Халқимиз ҳаётида азал-азалдан хусусий тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳим ўрин тутган. Тарихий анъаналаримиз асосида кичик бизнесни ривожлантириш ва рағбатлантириш мамлакатимизнинг бугуни ва эртасини белгиловчи муҳим масалалардан бири сифатида эътироф этилди.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид чора-тадбирларни белгилаш, 80 та рухсат берувчи тартиб-қоида, фаолиятнинг 15 тури бўйича лицензиялашни бекор қилиш, шунингдек, статистик ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва даврийлигини 1,5-2 баравар қисқартириш ва бу масалаларни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда адлия тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Қишлоқ хўжалиги ишларида адлия органлари ходимларининг фермерларга кўрсатаётган амалий ёрдамини ҳам эътироф этмасдан бўлмайди. Шундай фаолият натижасида жорий йилда мамлакатимиз тарихида илк бор 7 миллион 600 минг тоннадан ортиқ ғалла ҳосили бунёд этилишида ходимларимизнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлди.

Маълумки, давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб ёшларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан етук авлод бўлиб улғайиши йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Шу жиҳатдан олий таълим тизимининг таркибий қисми сифатида юридик таълимни тубдан ислоҳ қилиш, ёш ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йилнинг 28 июнида қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шубҳасиз, юридик таълим сифати ва самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарорга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилди. Ҳозир унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув, илмий-методик бўлинмаларини, кафедраларини замонавий техник воситалар, ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий мажмуалари билан таъминлаш, ўқув корпусларини таъмирлаш ҳамда янги бинолар ҳисобига кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юристлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳаси ҳам ҳукуматимизнинг диққат-эътиборида бўлиб, махсус қарор асосида Малака ошириш марказининг тузилмаси ва янги таҳрирдаги устави тасдиқланди. Шунингдек, ўтган йили Президентимизнинг “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди. Уларда бошқа манфаатдор идоралар қатори адлия органлари зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилди.

Юртбошимизнинг Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вазирлигимизнинг махсус буйруғи қабул қилинди. Унда Адлия органлари ва муассасаларида судья лавозимига захирага киритиладиган номзодларнинг ёши, мутахассислиги бўйича иш стажи, касбий маҳорати ва эгаллаб турган лавозимидаги фаолияти, ишчанлик, шахсий ҳамда ахлоқий фазилатлари, судьяликка лаёқати, ҳаётий тажрибаси, шунингдек, жамоадаги обрў-эътибори каби мезонлар бўйича алоҳида ўрганиш тартиби жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган махсус қарори билан Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари белгиланди.

Ушбу қарор асосида Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, суд экспертиза марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Адлия вазирлигининг яна бир муҳим тузилмаларидан бири – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан суд қарорларини мажбурий ижро этиш ишларининг самарадорлигини ошириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, суд биноларини қуриш, капитал таъмирлашда ҳам бир қатор ишлар бажарилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, Суд департаменти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда суд ижрочилари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг махсус Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан суд ижрочиларининг туман(шаҳар) бўлимларини тоифалаштириш тизими жорий этилди ҳамда Суд департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларининг намунавий тузилмалари тасдиқланди. Унга кўра Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларида тегишли равишда суриштирув, маъмурий амалиёт бўлими ҳамда суриштирув секторлари ташкил этилди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, жаҳоннинг ривожланган давлатлари билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари бўйича тенглар ичида тенг алоқаларга киришди. Маълумки, халқаро иқтисодий-сармоявий муносабатларда ҳар қандай субъект ўз манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга уринади. Бу ҳам табиий жараён, албатта. Шу боис ҳам бу йўналишдаги муносабатлар халқаро ҳуқуқ устунлиги принципларига оғишмай риоя қилишни тақозо этади.

Халқаро ҳуқуқий муносабатларда Ўзбекистон манфаатларини самарали ҳимоя қилиш вазифаси Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган бўлиб, бу борада мамлакатимиз миллий манфаатлари устуворлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойида Ҳукуматимизнинг “Халқаро арбитражларда Ўзбекистон Республикаси манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, вазирлигимиз тузилмасида Халқаро арбитраж масалалари бўйича ахборот-таҳлил гуруҳи ташкил этилганлиги мазкур соҳадаги ишлар сифати ва самарасини оширишга хизмат қилади.

Умуман, бугун адлия органлари ва муассасалари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширмоқда. Қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида эришилган ютуқлар барчамизда ифтихор туйғусини уйғотиш билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Очиқ айтиш керакки, кирим қилинаётган ҳужжатлар, қўшимча топшириқлардан бугун марказий ва ҳудудий бошқармаларнинг барчасида ҳам иш ҳажми илгарига нисбатан бир қадар кўпайганлигини вазирлик раҳбарияти яхши билади. Буни энг аввало, мамлакатимиздаги ислоҳотлар суръатининг салмоғи тобора ошаётганлигида, қолаверса, Давлатимиз ва Ҳукуматимизнинг адлия органларига билдираётган алоҳида ишончи сифатида қабул қилишингизни сўрардим. Фурсатдан фойдаланиб, тизимда ўз ишига виждонан ёндашиб, берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратаётган барча ходимларимизга шахсан ўз номимдан миннатдорчилик билдираман.

Илгари ҳам таъкидлаганимдек, адлия тизимида чин маънодаги фидоийлар меҳнат қилади. Вазирлик раҳбарияти ўз ишига масъулиятли ходимларни рағбатлантириш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирларга бундан кейин ҳам устувор вазифа сифатида аҳамият қаратади.

Мустақилликнинг 22 йиллиги муносабати билан, адлия органлари тизимида самарали меҳнати ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун 7 нафар ҳамкасбларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари барчамизни мамнун этади.

Ҳурматли ҳамкасблар !

Ватан – инсоннинг олтин бешиги, шу бешикда она меҳри билан улғайиб камол топамиз.

Эришилган ютуқлардан фахрланиш фуқароларимизда келажакка масъулият билан бирга, Ватан тақдирига дахлдорлик, уни асраб-авайлаш туйғусини ҳам шакллантирмоқда.

Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ ташқи сиёсат бобида мустақил стратегиясини маълум қилди. Шунга асосланган ҳолда, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва унинг барқарорлигига таҳдид солаётган ҳар қандай кучларга қарши қатъий кураш олиб боришдан иборатдир.

Дунёда юзага келаётган мураккаб сиёсий вазият, яқин атрофимизда янги қарама–қаршилик ва тажовуз ўчоқларини аланга олдиришга ҳаракат қиладиган ташқи таъсирдан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб, бундай уринишларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, мустақиллигимизни асраб–авайлашга барчамиз бирдек масъул.

Ватан тақдири-менинг тақдирим. Менинг тақдирим эса Ватанникидир, деб яшамоқ эртамиз хотиржамлиги, юртимиз фаравонлигига хизмат қилишини унутмаслигимиз лозим.

Яна бир бор, Сизни ва яқинларингизни истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи билан вазирлик раҳбарияти номидан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат–саломатлик, куч–қувват, омад ва хонадонларингизга файзу–барака, фаровонлик тилайман.

Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, эркимиз, шон-у, шавкатимиз абадий бўлсин!

Тошкент шаҳри,

2013 йил 30 август.