Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



14:06:40 (GMT +5), Сш, 14 Мая 2024

Адлия вазирининг Мустақилликнинг 23 йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги табрик сўзи RSS обуна

Адлия вазирининг Мустақилликнинг 23 йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги табрик сўзи




Ассалому-алайкум ҳурматли ҳамкасблар !

Яна икки кундан сўнг барчамизга қадрли бўлган мустақиллик байрамини катта шодиёна билан тантана қиламиз.

Аввало, Сизни, Сизлар орқали оила аъзоларингиз ва яқинларингизни истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи билан самимий муборакбод этаман!

Одатда ҳар бир инсон озод ва обод Ватанда мустақил яшашга, эркин фикрлашга ва ўз мақсадларини мустақил амалга оширишга интилади. 23 йил муқаддам “Мустақиллик” деб аталмиш ижтимоий адолат сари интилиш тантанаси юртимизда қарор топганлигидан бугун кўнглимиз шодланади.

Сир эмас, бу кунларга етишнинг ўзи бўлмади. Бугунимиз фаровон, келажагимиз порлоқ бўлиши учун оғир кунларни бошимиздан кечиришимизга тўғри келди. Истиқлол мислсиз курашлар, ғоят қатъий ирода туфайли ҳимоя қилинди.

Ортга назар ташлар эканмиз, тарихан шу қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилганлигига гувоҳ бўламиз.

Мазмунан беқиёс ушбу йилларда ҳаётимизда рўй берган оламшумул ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, киши кўнгли беихтиёр равшан тортади. Шундай юртда туғилганинг, яшаётганинг учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтасан. Бу муваффақиятларга бағрикенг, меҳнаткаш халқимизнинг юксак ақл-заковати, жасорати, фидойилиги натижасида эришилди, десак муболаға қилмаган бўламан.

Ўзининг 23 ёшини қаршилаган Ўзбекистон айни балоғат ёшига етган, билаги кучга, юраги ғайратга тўлган. Бош ижодкори муҳтарам Президентимиз бўлган тараққиётнинг “Ўзбек модели” бугун бутун жаҳонда тан олинди ва дунёнинг энг илғор мамлакатлари биз билан ҳамкорлик қилмоқда.

Қисқа вақтда ғалла ва ёнилғи – энергетика мустақиллигига эришилди. Халқ хўжалигининг етакчи соҳаларини модернизация қилиш, илғор техника ва технологиялар билан таъминлаб, замонавий корхоналар бунёд этиш кун тартибига қўйилиб муваффақият билан амалга оширилди.

Фуқароларимизда асрлар бўйи сўндирилган хусусий мулк туйғусини уйғотиш, турмуш фаровонлигининг асосларидан бири сифатида кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш изчиллик билан давом этмоқда. Натижада дунёнинг мана-ман деган мамлакатлари иқтисодий таназзулдан ҳамон тўла халос бўлмаган бир вақтда юртимизда барқарор ўсиш суръатлари давом этмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда, мустақиллик - бу ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ўз миллий манфаатларимизни, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлаш, аҳолимизнинг фаровонлигини, халқаро майдонда ватанимизнинг обрў-эътиборини муносиб даражага кўтаришдир.

Юртимизни модернизация қилиш йўлидаги дадил қадамларимиз дунё жамоатчилиги, шунингдек, нуфузли халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Буюк Британиянинг машҳур консалтинг компанияси томонидан тақдим этилган узоқ муддатли инвестициялар жалб қилиш учун жаҳоннинг энг қулай мамлакатлари рўйхатида мамлакатимиз дастлабки йигирмата давлат қаторидан ўрин эгаллаганлиги фикримиз далилидир.

Биргина, ўтган йилда инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида 13 миллиард доллар қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилди.

Ўзбекистон бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича жаҳон миқёсида 66 позиция юқорига кўтарилиб, рейтинг ўтказилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади. Яқинда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлараро статистика қўмитаси яна бир кўрсаткични эълон қилди. Унга кўра, 2014 йил 1- ярим йиллигидаги ривожланиш даражасига кўра, Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллади. Юртимизда бу соҳа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиздан ортиққа ўсган.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мустақиллигимизнинг 23 йилллиги муносабати билан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, мамлакатимиз фуқаролари истиқлол байрамини кўтаринки кайфият ва келажакка ишонч руҳида кутиб олмоқда. Сўров қатнашчиларининг фикрича, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қишлоқ аҳолиси учун шинам уй-жой шароитларини яратиш чора-тадбирлари ҳам фаол амалга оширилмоқда. Бугун яна бир бор эътироф этиш керакки, миллий қадриятларимизни тиклаш, баркамол авлоднитарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Давлат харажатларининг 60 фоизидан ортиғи соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга йўналтирилмоқда.

А з и з ҳ а м к а с б л а р !

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар бугун амалда кутилган самараларини бераётганлигини нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик экспертлар ҳам якдиллик билан эътироф этишмоқда. Жаҳон миқёсидаги қонун устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “Де волд жастис прожект” мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича етакчи беш мамлакат қаторидан ўрин олганлиги бу йўлдаги ислоҳотлар самарасига берилган юксак халқаро баҳодир.

Бундай эътирофга адлия вазирлиги ҳам мамлакатда бош қонун ижодкори, содда қилиб айтганда, мустақил давлатимизнинг ҳуқуқий ҳимоячиси сифатида муносиб ҳисса қўшаётганлиги алоҳида эътирофга сазовор.

Қонун ижодкорлиги, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд-ижро ишлари, тадбиркорлик, шартномавий муносабатлар, халқаро-ҳуқуқий муносабатлар, адвокатура, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва таълим йўналишида амалга оширган ишларимиз самараси салмоқли бўлмоқда.

Жумладан, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Маълумки, қонун ижодкорлиги жараёнида вазирлигимиз нафақат қонун лойиҳаларини тайёрлаш, балки уларнинг Конституция ва қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш бўйича ҳуқуқий экспертиза ўтказади.

Шу жиҳатдан, тезкор ислоҳотлар жараёни адлия органлари ваколатларини ҳам қонунчилик асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Айрим вазирлик ва идоралар томонидан умуммажбурий тусдаги ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга киритиш ҳолатлари бўйича май ойида қабул қилинган қонунчиликка асосан вазирлигимиз зиммасига катта масъулият юклатилди. Эндиликда, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахсларини давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш белгиланди. Бундан кўзда тутилган олий мақсад, айбдорни жазолаш эмас, аксинча, мансабдор шахсларнинг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига эътиборини янада кучайтириш, уларнинг кундалик фаолиятида қонунларга ҳурмат руҳини сингдиришдан иборатдир.

Вазирлигимиз томонидан Ўзбекистонда миграция соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш, миграция назоратини ташкил қилиш, жабрланувчи ва гувоҳларнинг жиноят процесси жараёнида ҳам, ундан кейин ҳам хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан хавфсизлик чораларининг аниқ рўйхатини белгилаб беришга қаратилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда вазирлик ташаббуси билан 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланди.

Халқаро арбитражларда Ўзбекистон манфаатлари самарали ҳимоя қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Адлия вазирлигида чет давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирокида 16 та учрашувлар ташкил этилди, ходимларимизнинг хорижга 40 га яқин сафарлари амалга оширилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида текшириш сонини чеклаш, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишида ҳам адлия органлари ходимлари фаол иштирок этдилар.

Жорий йилда Ҳукумат топшириқларини самарали тарзда бажаришда адлия органлари, шу жумладан Сизлар томонингиздан ҳам эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Хорижий давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетган фуқароларнинг рўйхатларини ФҲДЁ органлари орқали текшириш юзасидан бажарган ишларингиз алоҳида таҳсинга сазовордир.

Қишлоқ хўжалигида адлия органларининг фермерларга кўрсатаётган амалий ёрдамини ҳам эътироф этмасдан бўлмайди. Шундай фаолият натижасида жорий йилда мамлакатимиз тарихида илк бор 8 миллион тоннадан ортиқ ғалла ҳосили бунёд этилишида ходимларимизнинг ҳиссаси салмоқли бўлди.

Шу кунларда Ҳукумат топшириғига асосан вазирлигимизнинг бир неча ходимлари пойтахт вилоятининг катта, шу билан бирга, деҳқончилиги мураккаб бўлган Қуйичирчиқ ва Пискент туманларида пахта терими олдидан фермерларимизга яқиндан ёрдам кўрсатмоқдалар.

Хабарларингиз бор, Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш Бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ваколат доирасида муайян, қолаверса, эътирофга лойиқ ишларни амалга оширди.

Бугун мазкур фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида, Муҳтарам Президентимизнинг Фармони асосида ҳуқуқни қўллаш механизмлари янада кучайтирилиб, эндиликда Бош бошқарма прокуратура органларида ўз фаолиятини давом эттиради. Шубҳасиз, бундай ислоҳотлар, ваколатларни янада кенгайтириш орқали жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашга хизмат қилади. Адлия органларида тамал тоши қўйилган мазкур тизим билан бундан кейин ҳам ҳамкорлигимиз изчиллик билан давом этади.

Тизимга кирувчи идоралар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ҳукумат қарори билан марказнинг янги биносини қуриш учун лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда. Юристлар малакасини ошириш марказида ўқитишнинг замонавий услублари жорий этилди.

Ўтган йилда ФҲДЁ органлари учун 17 та янги бино қурилган, 11 та мавжуд бинолар таъмирланган бўлса, жорий йилда вазирлик томонидан ФҲДЁ органлари учун 21 та янги бино қуриш ва 9 та мавжуд биноларни таъмирлаш учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда янги қурилган ва капитал таъмирланган бир неча биноларда аҳолига сифатли юридик хизмат кўрсатилмоқда.

Ҳукумат фармойишига асосан “Адолат” нашриёти давлат корхонаси замонавий ва ҳар томонлама қулай бино билан таъминланди. Шунингдек, Ҳукуматимизнинг яна бир қарорига асосан муассислигимиздаги “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали таҳририятлари ҳам шаҳар марказида жойлашган замонавий бинога эга бўлди.

Меҳнатда намуна кўрсатиб ҳудудлардан вазирликка ишга келадиган ходимларимиз учун Ҳукумат фармойишига асосан 5 та хизмат уйлари ажратилди.

Вазирлик ва ҳудудий адлия органларида ҳужжатлар айланишини тезлаштириш ҳамда ортиқча қоғоз сарфини қисқартириш мақсадида электрон ҳужжат айланмаси дастури ишга туширилди.

Албатта, амалга оширилган ишларимиз сарҳисоби салмоқли, мен бу ҳақда яна кўп гапиришим мумкин. Адлия органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳали яна бир қатор дастурларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Кези келганда яна бир гап. Мана бир йилдирки, вазирлик раҳбариятида вазир ўринбосари ловозими вакант саналади. Шунингдек, вазирлигимиз халқ хўжалигида амалга оширилаётган барча ислоҳотларга кенг жалб қилинмоқда. Шундай бўлсада, соҳада белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўз йўналишида иш ҳажмининг кўплигига қарамасдан масъулиятни зиммасига олиб фаолият кўрсатаётганликлари учун Сизларнинг номингиздан Музроб Муборакхаджаевич, Анвар Акрамович ҳамда Зокиржон Суръатовичга миннатдорчилик билдираман.

Самарали ва фидоий меҳнат ҳар доим халқимиз ва Давлатимиз раҳбарининг эътиборида бўлиб келаётганлигига бевосита гувоҳмиз. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти учун бу йил мукофотланган ходимларимиз сони яна иккитага ортиб 9 нафарни ташкил этгани, шундан 2 нафар ҳамкасбларимизнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” Фахрий унвони билан тақдирланганликлари адлия органлари ва муассасалари ишига берилган юксак баҳо бўлиб, алоҳида эътирофдир.

Ҳ у р м а т л и ҳ а м к а с б л а р !

Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ ташқи сиёсат бобида мустақил стратегиясини маълум қилди. Шунга асосланган ҳолда, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири - халқимиз тинчлиги минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва унинг барқарорлигига таҳдид солаётган ҳар қандай кучларга қарши қатъий кураш олиб боришдан иборатдир.

Жорий йилда ушбу байрам мамлакатимиз бўйлаб юртимиз салоҳияти, халқимиз хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этган эзгу шиор асосида нишонланмоқда. Албатта, истиқлол байрамининг бетакрор бундай ном остида нишонланишида ўзига хос мазмун бор.

Юртбошимизнинг байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисидаги Қарорида қайд этилганидек, улуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш мақсадида бугунги кунда олиб бораётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини аввало биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, янги ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ҳамда марраларнинг моҳиятини юртимиз аҳолиси ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш даркор.

Дарҳақиқат, Ўзбекистондек гўзал бир диёрда туғилиш ва яшаш бахти ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Шундай экан, унинг қадрига етиб, бугунги дунёда юз бераётган таҳликали замонда эзгу ниятлар билан яшаш, юрт тинчлиги, Ватан равнақи учун жон куйдириб ишлаш, огоҳлик ва ҳушёрликни қўлдан бермаслик бизнинг ҳам бош мақсадимиз бўлмоғи лозим.

Шубҳасиз, истиқлолни ўзининг бахти ва тақдири деб билган мард ва танти халқимизнинг муносиб вакиллари бўлган ходимларимиз, Ватанимизни янада гуллаб-яшнатиш, Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун бундан кейин ҳам барча имкониятни ишга солиб фаолият кўрсатадилар.

Сўзимнинг якунида Сизни ва яқинларингизни истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи билан яна бир бор табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-қувват ва омад, хонадонларингизга файзу-барака тилайман.

Истиқлолимиз абадий, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин! Мартабангиз улуғ, меҳнатингиз қадрли бўлиши барчангизга насиб этсин.

Эътиборингиз учун ташаккур!

Тошкент шаҳри,

2014 йил 29 август.