Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



01:55:54 (GMT +5), Чр, 15 Мая 2024

Адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тадбирдаги табрик сўзи RSS обуна

Адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тадбирдаги табрик сўзи



Ассалому - алайкум, ҳурматли ҳамкасблар !

Сизларни Конституциямизнинг қутлуғ йигирма икки йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман!

Мана, 22 йилдирки, биз давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини белгилаган, эзгу мақсадларимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаган, шахсан Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мукаммал ишлаб чиқилган Асосий қонунимиз асосида яшамоқдамиз.

Жамиятимизда юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар, Конституциямизда белгиланган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.

Биз ташқи сиёсатимизни шакллантиришда конституциявий тамойилларга амал қилган ҳолда, аввало, ўз ақл - идрокимизга, куч - қудратимизга, маънавиятимизга, буюк аждодларимиз меҳнати ила яратилган улкан бунёдкорлик салоҳиятига таяндик.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг илк давриданоқ кўпгина нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Жаҳондаги етакчи мамлакатлар билан савдо - иқтисодий муносабатларни ўрнатди. Мамлакатнинг ишончли, истиқболли ҳамкор сифатидаги обрў - эътибори мустаҳкамланди.

Ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий тафаккури, ақл - заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлигига тўла ишонч ҳосил қилдик.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан - йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў - эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Барча соҳалар каби қонунчилик ва ҳуқуқ - тартиботни мустаҳкамлаш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар натижасида барча ҳокимият тармоқларининг ваколатлари аниқ белгиланиб, улар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

Конституциямизнинг халқаро, демократик талабларга жавоб бериши ҳақида сўз борар экан, биз аввало унда инсон ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда унинг ҳимоясига қаратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутганини, асосий Қонунимиз инсон манфаатини давлат манфаатидан устун туришини муҳрлаб қўйгани ҳақида гапириш ўринлидир.

Бош қонунимизда адолат, ҳақиқат ва одиллик, маънавият, миллий ахлоқий қадриятлар, умуминсоний ғоялар каби мезонлар талабидаги қоидалар мавжудки, булар уни улуғлашга ҳамда устуворлигини тан олишга ундайди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда эришган ва қўлга киритилаётган барча ютуқларимиз замирида шубҳасиз Асосий Қонунимиз мужассам. Буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси кўриб - билиб, ютуқларга дахлдорлик туйғуси ва фаровон турмушидан шукроналик ҳиси билан яшамоқда.

Ҳурматли ҳамкасблар !

Одатда, ҳар қандай ютуқнинг моҳияти бошқа бирор нарса билан таҳлил этилганда ёки нима биландир қиёслаганда билинади.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга ошираётган ижтимоий сиёсатимизнинг халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришдаги таъсири ва натижалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур.

2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда пенсияларнинг ўртача миқдори ўртача иш ҳақига нисбатан 37,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Россияда 25,7 фоиздан, Марказий Осиё мамлакатларида эса 23-28 фоиздан иборатдир. Жорий йилда мамлакатимизда бу кўрсаткични 41 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, пухта ўйланган бундай ислоҳотларни давом эттириш биз кўзлаган, яъни “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишда янги қадам бўлади.

Конституциямиз соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Мамлакатда халқаро стандартларга ва юқори талабларга жавоб берадиган, аҳолига текин ва олий малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилди.

Халқимизнинг саломатлигини ҳимоялаш, бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини энг замонавий даволаш воситалари билан таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 66 ёшдан 73,5 ёшга, хотин - қизларнинг ўртача умр кўриши эса 75 ёшга узайганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Мамлакатимизда қабул қилинган миллий дастурга кўра, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими ҳамда миллий ва халқаро таълим стандартлари асосида олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1 миллион 800 минг нафардан ортиқ бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу рақам, 2003 йилга нисбатан олганда, 1,4 баробар кўпдир. Таъкидлаш лозимки, охирги 10 йил давомида 1.113 та болалар спорти объекти барпо этилди.

Ўзбекистонда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоизидан ортиғини ташкил этиши БМТ томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Ўтган 23 йиллик мустақил тараққиётимиз давомида мамлакатимиз эришаётган натижа ва марралар ҳақидаги кўрсаткичлар юртимизда бўлаётган мислсиз ўзгаришлар тўғрисида аниқ тасаввур беради.

Ана шу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар ўсди. Аҳоли сони айни шу даврда қарийб 10 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 31 миллион кишини ташкил этаётгани ҳисобга олинадиган бўлса, аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш 3 баробардан зиёдни ташкил этиши Ўзбекистоннинг катта тараққиёт йўлини босиб ўтаётганлигидан далолат беради.

Бу борада жамиятимизни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун қонунчиликнинг ҳамда зарур шароитларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилгани иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожлантиришда, аҳолимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришда катта ўрин тутганини қайд этиш лозим.

Бунга ўз навбатида Конституциямизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб - қувватлашдаги кафолатлар ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди.

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида доллар ҳисобида 162 млрд.дан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилган бўлиб, бунинг 56 млрд доллардан зиёди хорижий инвестициялардир.

Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовутни қисқартириш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда. Қишлоқ жойларида қулай ҳамда барча шароитларлари мавжуд уй - жойларнинг қурилиши халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга қаратилган хайирли ишга айланди. Охирги 4 йил ичида 159 та қишлоқ жойларида 23 мингдан ортиқ турар жойлар, мингдан ортиқ ижтимоий инфраструктуралар барпо этилди. Биргина, жорий йилда 10 мингдан ортиқ намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сони 8 мингдан ортди.

Қатор миллат ва элат вакилларининг 140 дан ортиқ миллий - маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзларининг маданияти, тили, анъана ва урф - одатларини сақлаш, ривожлантириш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Оммавий - ахборот воситаларини қўллаб - қувватлашнинг ташкилий - ҳуқуқий асослари яратилган. Бунинг натижасида охирги ўн йил ичида босма оммавий ахборот воситалари сони 1,5 баробарга, электрон оммавий ахборот воситалари сони 7 баробарга ўсиб, уларнинг умумий сони 1.300дан ортди. 87 фоиз теле 
ва радиоканаллар ҳамда веб - сайтлар нодавлат оммавий ахборот воситалари саналади.

Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ҳамда миллий қадриятлари асосида босиб ўтган мустақил тараққиёт йўли жаҳон ҳамжамиятидан мамлакатмизнинг муносиб ўрин олишига ҳамда халқаро эътироф этилишига сазовор бўлмоқда.

Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли “Легатум” халқаро институти ҳар йили янгиланиб борадиган Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон жаҳон фаровонлик рейтингида олти поғона юқорига кўтарилиб, 57 - ўринни эгаллади. Натижада Ўзбекистоннинг бу йилги рейтинги Руминия, Мексика, Россия, Индонезия, Сербия, Озарбайжон, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар рейтингидан ошиб кетди.

Бундан ташқари, жорий йилда ўтказилган “Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутаффакирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цвилизация ривожидаги роли ва аҳамияти”, “Ўзбекистонда озиқ - овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” ҳамда “Суд - ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, жамиятнинг риволлантириш ва демократлаштиришнинг устувор йўналиши”, “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуларидаги конференцияларда, шунингдек “Халқаро туризм ташкилотининг 99 сессияси”даги ҳалқаро экспертларнинг эътирофларида ҳам кўриш мумкин.

Ҳурматли жамоа,

Мен юқорида мамлакатимизнинг ижтимоий - иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган ишларга шунчаки тўхталмадим. Эришилган барча ютуқларда Адлия органларининг мамлакатда бош қонун ижодкори сифатида беқиёс ҳиссаси борлиги билан изоҳламоқчиман. Шу билан бирга, эътиборларингизни Сизларнинг хизматларингиз билан тизимда амалга оширилаётган айрим ишларга қаратмоқчиман.

Сўнгги уч йил мобайнида Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 40 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Қонун ижодкорлиги жараёнида, Давлатимиз раҳбарининг кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ташаббуслари асосида қонунларни ишлаб чиқишда янгича тартиб жорий этилиб, соҳавий фаолиятдан келиб чиққан ҳолда бу жараён ривожига тегишли тармоқлар эътибори кучайтирилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимиз ижтимоий - иқтисодий, ҳуқуқий соҳалари ривожига хизмат қилувчи 9 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ходимларимиз бевосита иштирок этди.

Вазирлигимиз ташаббуси асосида норматив - ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларни тўлдириш, қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора - тадбирларни кўриш ҳамда ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини таъминлаш мақсадида, муҳтарам Президентимизнинг ПҚ–2003-сонли қарорлари қабул қилиниб, унда 100 дан ортиқ ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Мазкур қарор ижроси мониторингини амалга ошириш Вазирлигимизга юклатилганлиги ва бугунги кунга қадар қарорда қайд этилган қонун ҳужжатларининг аксарияти қабул қилинганлиги, биз адлия органларининг норма ижодкорлиги соҳасида эришган катта ютуқларимиздан бири, десам янгилишмаган бўламан.

Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарори лойиҳалари ва давлат ҳисобига олинган ҳужжатлар сони ортиб, қонунларга зид бўлган қарорларни бекор қилиш ёки ижросини тўхтатиш борасидаги фаолиятда самарадорликка эришилмоқда.

Давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини ташкил этиш соҳасида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг юридик хизматлар базаси янгитдан шакллантирилиб, уларнинг малакасини ошириш тизимли йўлга қўйилди.

Адлия органлари томонидан тадбиркорлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда шартномавий - ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида ўтказилган текширишлар натижаси бўйича қўлланилган таъсир чораларига асосан, давлат органларининг 1.200 дан ортиқ ноқонуний ҳужжатлари ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди.

Махсус ваколатли тузилма - Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий - техник ва молиявий таьминлаш департаменти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Оила муносабатларини такомиллаштиришда сифатли юридик хизмат кўрсатиш кўлами кенгайиб бормоқда.

Хабарингиз бор, Вазирликнинг муҳим йўналишларидан яна бири - Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим соҳасида, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлашириш бўйича идоралараро Кенгаш самарали фаолият юритмоқда.

Жумладан, бу соҳада тизим яратилди;

- аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот - коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича комплекс чора - тадбирлар қабул қилинди;

- замонавий юридик фани бўйича ўқув, ўқув - методик ва илмий адабиётлар, ҳуқуқий фанлар ва предметлар бўйича янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини тайёрлашга оид комплекс режа тасдиқланди, шунга асосан қатор дарслик ва бошқа ўқув - қўлланмалар нашр этилди.

Бу борада таълим муассасалари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари фаолллари ўртасида ўтказилган социологик тадқиқотларда, қатнашганларнинг 95 фоизи “ҳар доим қонунга риоя қилиш керак”, - деб таъкидлаган бўлса, 87 фоизи Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, 85 фоиз ёшлар ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда адолатга ва ўз ҳуқуқларини тиклашга эришиш мумкинлигига ишониши аниқланди. Бу рақамлар “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик”, - деган ҳаётий хулосанинг мазмун - моҳиятини янада чуқурроқ мушоҳада қилишга ундайди.

Давр талабидан келиб чиқиб, ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти ҳам кенг йўлга қўйилди. Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси” – “LexUZ”нинг яратилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди. Ўзбек ва рус тилларидаги 33 мингга яқин ҳужжат жамланган ушбу базадан бир кунда 6 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланмоқда.

Шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг интернетдаги сайтлари орқали ҳам ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар етказиш амалиёти кенг йўлга қўйилгани бу борадаги фаолиятни сифат жиҳатдан яхшилаш, аҳолининг кенгроқ қатламини қамраб олиш имконини берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон манфаатларини хорижий давлат судларида ва халқаро арбитражларда ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида 20 та халқаро ташкилотлар делегацияси, дипломатик корпус вакиллари вазирликда қабул қилинди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июндаги фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишлар бўйича норма ижодкорлигини амалга ошириш дастури қабул қилиниб, уни амалга ошириш бўйича тузилган салоҳиятли комиссия фаолиятини мувофиқлаштириш Адлия вазирлигига топширилганлиги, Юртбошимизнинг бизга бўлган юксак ишончидан яққол далолатдир.

Шу билан бирга, вазирлик тарихида илк бор, Қонунчилик палатаси сайловларида 30 нафар ходимларимизнинг номзод сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги адлия органлари ходимларига билдирилган яна бир ишончдир.

Конституция чин маънода қонун ижодкорларининг байрамидир.

Мен юқорида тизимда жамоанинг меҳнати натижасида қилинаётган ишларнинг айримлари ҳақида сўз юритдим, холос. Зеро, эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ишлар тизим мавқеини юксалтиришга, ютуқлар салмоғини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, соҳага малакали кадрларни танлаш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, шартномавий муносабатлар самарадорлигини ошириш, юридик таълимнинг миллий рейтингини ошириш, ФҲДЁ ва нотариат органларида ҳужжатлар билан ишлашда қонунийликни таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз кўп эканлигини ҳам таъкидламоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашаётган барча ходимларимизга вазирлик раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдираман.

Кези келганда яна бир муҳим масала. 21 декабрда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги муҳим вазифаси сифатида мазкур сайловларда адлия органлари ходимлари фаол иштирок этишлари зарур.

Муҳим сиёсий жараёнларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан ўтказишда ўйлайманки, ходимларимиз муносиб ҳисса қўшадилар.

Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг фаолияти Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб, уларнинг меҳнати муносиб баҳоланмоқда. Биргина, адлия органлари ҳамда муассасаларининг моддий - техник имкониятлари мунтазам кенгайтирилаётганлиги фикримиз далилидир.

Хусусан, юридик таълим тизими янада такомлиллаштирилиб, Собиқ Зобитлар уйи 3 гектарлик майдони спорт зали билан бирга, Тошкент давлат юридик университети балансига беғараз берилди. Бинолар 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағга тўлиқ капитал таъмирланди ва замонавий ҳолатга келтирилди.

Шу билан бирга, ходимларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб - қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридан 5 та хизмат уйлари беғараз балансга ўтказилди.

ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идораларининг моддий - техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уларни замонавий бинолар ва жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида ажратилган 42 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 27 та янги бино фойдаланишга топширилди, шу жумладан 8 та бинода таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, 14 та бино адлия органларининг балансига ўтказилди.

Вазирлик раҳбарияти келгуси йилда ҳам ходимларимизни ижтимоий қўллаб - қувватлаш ва мукофот пул миқдорларини белгиланган меъёрлар даражасида сақлаб қолишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратади.

Ўзининг мустақил тараққиёт йўли давомида улкан довонларни босиб ўтган буюк аждодларнинг муносиб ворислари сифатида адлия органлари ва муассасалари ходимлари ҳам ўз олдига қўйган бундан-да юксак марраларни қўлга киритади.

Шубҳасиз, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишни режалаштираётган улкан ишларимиз кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ислоҳотлар ривожига хизмат қилади, албатта.

Хабарларингиз бор, ижтимоий - сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан жорий йилда ҳам 9 нафар ходимларимиз юксак Давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги барчамизни қувонтирди. Келгусида мукофотлар билан тақдирланадиган ҳамкасбларимиз сафи бундан - да кўпаяди деб умид қиламиз.

Яна бир бор, Сизларни Конституциямиз байрами ҳамда яқинлашиб келаётган янги 2015 йил билан самимий табриклайман, янги йилимиз қутлуғ келсин, бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, хонадонларингиздан файзу - барака аримасин!

Бош қомусимиз белгилаб берган тараққиёт йўлимиз ёруғ, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат.

Тошкент шаҳри,

2014 йил 4 декабрь.