Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



23:36:43 (GMT +5), Дш, 13 Мая 2024

Дастлабки тергов ва судлов жараёнида янги экспертиза турларидан фойдаланишнинг замонавий имкониятлари RSS обуна

Дастлабки тергов ва судлов жараёнида янги экспертиза турларидан фойдаланишнинг замонавий имкониятлари



Ассалому-алайкум ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бугунги анжуман Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги 321-сонли қарорини амалга ошириш муносабати билан ташкил этилган.

Анжуманда Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Табиатни мухофаза қилиш қўмитаси, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, идоралар масъуллари, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг профессор-ўқитувчилари, Республика суд экспертизаси маркази ва бошқа суд экспертиза муассасалари ҳамда Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этмоқдалар.

“Дастлабки тергов ва суд жараёнида янги экспертиза турларидан фойдаланишнинг замонавий имкониятлари” мавзусидаги конференция Республикада суд экспертизасининг бугунги ҳолати, фан ва техниканинг ютуқларидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида фойдаланиш самарасини кўтаришга ҳамда бу соҳанинг муаммоли масалаларини муҳокама этишга қаратилган.

Ҳаммангизга маълумки, Марказ 1951 йилда ташкил қилинган. Ўша вақтларда Марказ фақат айрим анъанавий экспертиза турларини ўтказадиган криминалистика лабораторияси бўлган.

У нафақат Ўзбекистон, балки бундай ихтисослашган муассасаси бўлмаган Ўрта Осиё мамлакатларининг суд-тергов идоралари учун криминалистик экспертизаларни ўтказар эди.

Бугунги кунга келиб, Марказ суд экспертизаларини юқори илмий савияда ўтказиш, аниқ ва ишончли эксперт хулосаларини бериш учун замонавий техник база ва илғор услубларга эга.

Унинг юксак илмий салоҳияти 54 та экспертлик мутахассислиги бўйича турли тадқиқотлар олиб бориш имкониятларини беради. Улар орасида анъанавий криминалистик, кимёвий, физикавий, муҳандислик, биологик, иқтисодий ва бошқа экспертизалар билан бир қаторда, энг замонавий ҳамда истиқболли бўлган одам ДНКси (ген дактилоскопияси), фонографик (овоз ва нутқ), материалшунослик каби экспертиза турлари ўтказилмоқда. Эксперт хулосалари энг оғир ва мураккаб жиноятларни фош этиш ва иш бўйича қонуний қарорлар қабул қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва судларга самарали ёрдам бериб келмоқда.

Хозирда Республика суд экспертиза марказининг вилоятлардаги бўлимлари ҳам муносиб ўрин эгаллаган. Марказнинг Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қарши, Нукус, Гулистон, Урганч, Термиз шаҳарларидаги бўлинмалари ходимлари одил судловни таъминлашга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда бугунги кунда Марказ нафақат Ўзбекистонда, балки энг ривожланган нуфузли чет эл муассасалари орасида танилган илмий-амалий муассасага айланди.

Марказнинг бу даражага етиши давлатимизда суд экспертиза соҳасига берилаётган эътиборнинг ижобий махсулидир.

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилда қабул қилинган “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистонда суд экспертизасини, хусусан Марказнинг янада ривожланишига муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Қонун ва унинг ижросига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бу соҳани ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий масалаларини демократик принциплар асосида ҳал этди. Айниқса, биринчи бор суд экспертиза масалалари бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлаши бу соҳадаги сўзсиз ютуқ сифатида тан олиниши лозим.

Албатта, бу ишларнинг барчасида Марказ ходимларининг фидокорона меҳнатлари натижаси ўз аксини топган.

Қонун устуворлигини таъминлаб, турли хилдаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни тергов қилишда, айбдор шахсларнинг қилмишларини асосли малакалаш учун суд экспертиза имкониятларидан фойдаланиш муҳим рол ўйнайди.

Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятларни фош қилишда фан ва техниканинг замонавий ютуқларига асосланган эксперт хулосалари алоҳида ўрин тутади.

Айниқса, оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилишда айрим эксперт хулосалари инкор этиб бўлмайдиган далил сифатида муҳим ахамиятга эга.

Юртимиз ўзининг ривожланиш даврида турли қийинчиликларни бошидан кечирди. Шу қатори, терроризм ва диний экстремизм каби иллатиларни бошқа давлатлар қатори бизни ватанимизни четлаб ўтмади. Лекин бу мудхиш воқеалар хуружида ҳам, Марказ бошқа экспертиза идоралари қатори унга қарши курашда ўзининг салмоқли хиссасини қўшди. Жумладан, суд экспертизасининг янги имкониятлари асосида, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган холисона ва ҳар томонлама тергов қилиш ҳамда террорчиларнинг айбини халқаро ҳамжамият олдида тўлиқ исботлашга хизмат қилди.

Эксперт хулосалари одил судловни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, муаммоли жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича ҳукм ва ҳал қилув қарорларини қабул қилишда холисона ва илмий асосланган эксперт хулосалари муҳим далил вазифасини ўтайди.

Жумладан, 2002 йилдан фуқаролик ишларини кўришда судларга қийинчиликлар туғдирадиган ер участкаларидан фойдаланишга доир масалаларни ҳал этишга қаратилган суд-ер экспертизасини ўтказиш бошланди.

Замонавий экспертиза турлари, айниқса биотехнологияларни ривожланиши, айниқса Низоли оталикни белгилашда эса ДНК экспертизасининг аҳимияти беқиёс.

Ҳужжатшунослик соҳасидаги янги ютуқлар низоли мулк ва меърос билан боғлиқ ишларни кўриш, қурилиш техникавий экспертизасининг имкониятлари эса, уй-жойларни баҳолаш ва бўлиш масаласида судларга муаммоларни ҳал этишда алоҳида ёрдам бермоқда.

Юртимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Олий хўжалик суди қўшаётган ҳиссасида суд экспертизасининг ҳам роли тобора ошиб бормоқда.

Масалан, 2008 йилдан марказда ҳужжатлар реквизитларини текшириш ва уларнинг тайёрланган муддатини аниқлаш экспертизалари ўтказила бошланди. 
Бу эса, ўз навбатида хўжалик низоларини ҳал этишда ўз самарасини бермоқда.

Айниқса, тадбиркорларни солиқ белгиланиши масаласи бўйича ҳамда шартномавий муносабатларни бажариш юзасидан киритган даъволарини одилона ҳал этишда суд иқтисодий, суд товаршунослик экспертизаларининг ёрдами тобора ошиб бормоқда.

Марказ экспертлик фаолиятининг асосий қисми ички ишлар вазирлиги тизимлари учун хизмат кўрсатиш билан боғлиқ. Жумладан, экспертлар кўрсатаётган ёрдами самараси янги турдаги экспертизаларни амалиётга татбиқ этиш билан белгиланади. Марказда 2003 йилдан бошлаб йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишида муҳим аҳамиятга эга бўлган транспорт йўлларини текшириш йўл-транспорт экспертизаси ўтказила бошланди. Сунъий гиёҳвандлик воситаларини текшириш 2006 йилдан бошлаб, 2007 йилдан эса, одам ДНКсини текшириш экспертизасини ўтказиш йўлга қўйилди.

Ушбу экспертизалар, айниқса қотиллик, жинсий эркинликка тажовузларни исботлашда, очилмай қолаётган аксарият босқинчилик, талончилик ва ўғрилик жиноятларини тергов қилишда ижобий самара бераяпти. Йўл транспорти ҳодисалари бўйича ашёвий далилларни замонавий тахлилий усуллар билан текшириш, иш бўйича муҳим ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлмоқда.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари,

Бугунги давр янги экспертиза турларининг самарали усулларидан фойдаланишни талаб этмоқда.

Ушбу экспертиза турлари қаторига Суд-экологик экспертиза, Суд сиёсатшунослик-лингвистик экспертиза, Суд филологик экспертизалари, рақамли технологиялар асосида аудио ва видео манбаълар, шунингдек алектроакустик монтаж белгиларини текшириш, ташқи савдо алоқаларини суд - иқтисодий экспертизаси, ер участкаларига эгалик ҳуқуқининг қийматини эксперт баҳолаш экспертизаларни мисол сифатида келтириш мумкин.

Конференцияни ўтказишдан мақсад ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва суд экспертиза фанининг ривожини самарадорлигини оширишдан иборат.

Ўйлайманки Конференция, жараёнида билдириладиган таклиф, фикр ва мулоҳазалар соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Эътиборларингиз учун раҳмат. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари 

А.Усмановнинг 2014 йил 26 декабрь куни ўтказилган 

Республика анжуманидаги кириш сўзи