Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



18:36:38 (GMT +5), Сш, 14 Мая 2024

Тадбиркорлик тараққиёт ва тўкинлик демакдир RSS обуна

Тадбиркорлик тараққиёт ва тўкинлик демакдир



Халқимизга хос бўлган азалий ва энг улуғ хусусиятлардан бири меҳнатсеварлик ва ишбилармонликдир. Ҳар бир инсон ҳалол, пешона тери билан даромад топиб, шу орқали оила фаровонлигини, дастурхон тўкинлигини таъминлаш, шу баробарида элу юртга наф келтиришга ҳамда жамиятда муносиб ўринга эга бўлишга интилади. Меҳнат жараёнида инсоннинг дунёқараши кенгаяди, нафақат жисмоний жиҳатдан, балки маънавияти ҳам шаклланиб, янги-янги ютуқлар ва комиллик поғонаси сари илдамлаб бораверади.

Бу борада буюк аждодларимизнинг бебаҳо нақллари, панду ўгитлари бетакрор тарбиявий аҳамиятга эга. Хусусан, ислом оламининг улуғ намояндаси ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандийнинг “Дил ба ёру, даст ба кор”, яъни дилинг ибодатда, қўлинг меҳнатда бўлсин, деган иборалари замирида улкан мазмун, маъно мужассам. Шунингдек, буюк саркарда бобомиз Амир Темурнинг “Тажрибамдан кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши, мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлари ҳамма замонларда ҳам бир хил қийматга эга долзарб аҳамият касб этади. Ота-боболаримиз тадбиркорни жамиятнинг энг илғор, тадбирли, ишнинг кўзини билувчи, доно ва комил аъзолари сифатида билиб, қадрлаб келганлари бежиз эмас, албатта.

Зеро, тадбирли киши атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёр кўз билан қарайди, ҳаётда қоқилмайди ва бошқаларни ҳам тўғри йўлга бошлай олади. Чуқур билим, ақл ва заковат билан кўникма ва малакаларни эгаллаган одамлар ҳамиша комилликка эришган, оиласи ва элу юрт олдида обрў-эътибор қозонган, ўз шижоати билан ватан равнақига ҳисса қўшган.

Бугунги кунда мамлакатимизда касб-ҳунар эгаллаш, ишлаш ва изланиш учун, инсон бахт-саодати ва жамият фаровонлиги учун барча шарт-шароит, имкон ва имтиёз мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деган сўзлари бугун ҳаётимизда тўлиқ ўз ифодасини топмоқда.

Ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсди. Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётганида ҳам соҳанинг салмоқли улуши бор.

2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида 480 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Бу яратилган жами иш ўринларининг ярми демакдир. Бугунги кунда иқтисодиётнинг ушбу соҳасида иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди меҳнат қилмоқда. 2000 йилда бу кўрсаткич 49,7 фоиз эди.

Қуйида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари Анвар УСМАНОВнинг тадбиркорлик ва соҳа ривожи ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.

— Аввало, гапни мамлакатимизда амалда қўлланаётган тадбиркорлик ҳуқуқларининг устуворлиги принципи нималарда кўриниши ҳақидаги фикрларингизни билишдан бошласак.

— Миллий қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилгани ва унинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари таъминланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрларнинг амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилди.

Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор ман­фаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, улар фаолияти билан боғлиқ хўжалик низоларини кўриб чиқиш сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Мулк­ни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатнома бериш, электр тармоқларига уланишда “бир дарча” тамойили жорий этилди.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тадбиркорларимизга кенг эркинлик бериши билан бирга, бу жараён халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳосини олаётгани диққатга сазовор. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

— Тадбиркорлар манфаати йў­лида қабул қилинаётган қонун ҳуж­жатлари замон талабидан келиб чиқиб, такомиллаштирилиши табиий ҳол. Бу йўналишда қонун ижодкорлиги қандай йўлга қў­йилган?

— Мукаммал қонунчилик қонун ижодкорлигининг замон билан ҳамнафас бўлишини тақозо этади. Бу борада мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга мослигини таъминлаш тизими яратилган. Адлия органлари томонидан қонун ҳужжатларини қўллашда ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Вазирликда шу йўналишда ишчи гуруҳлари фао­лияти йўлга қўйилган. Айни пайтда улар тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қай­та хатловдан ўтказмоқда. Якунда тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.

Ўтган йилда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва қулай инвестиция иқлимини яратишга оид 14 та қонун лойиҳаси тайёрланди. 134 та қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ва 141 та идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу жараёнда уларнинг айримларида тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий қиладиган ҳамда асоссиз харажатларни вужудга келтирадиган қоидалар аниқланиб, бартараф қилиш чоралари кўрилди. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган ўнга яқин ноқонуний ҳужжат бекор қилинди.

Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар асосида янги меъёрлар жорий этилдики, бу амалда соҳа вакилларига яратилган қулайликлар кўламини кенгайтирди. Хусусан, маиший хизмат кўр­сатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловларидан имтиёзлар белгиланди. Суғурталовчиларга пул маблағлари резервларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови миқдори камайтирилди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштиришни ва бундай субъ­ектлар зиммасига янги мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек, уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан ке­йин кучга кирадиган бўлди.

“Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Бу лойиҳада хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини назорат қилиш тартибини янада такомиллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний фаолиятига аралашувларни янада қисқартириш назарда тутилган.

— Тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳи­мояси билан боғлиқ қонунлар ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳи­моя қилишда, аввало, уларнинг ҳуқу­қий маданиятини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Шу нуқтаи назардан тадбиркорларнинг қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлиги тобора яхшиланмоқда. Бу борада уларга 32 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)дан исталган вақтда бепул фойдаланиш имконияти яратилган.

Ўтган йилда 673 давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорлик субъект­лари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг аҳволи ўрганилди. Таҳлиллар натижаси аксарият ҳолларда банк хизматларини кўрсатиш ва кредит ажратишда, лицензия ва бошқа рухсатномаларни беришда, коммуникация тизимларига уланишда ва солиқ қонунчилигини қўллашда қонун талаблари бузилаётганини кўрсатди. Масалан, “Водий текстиль” масъулияти чекланган жамиятидан кўп миқдорда ортиқча солиқ тўлови ундирилган. Жамият манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Фарғона вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан корхонага қарийб 69 миллион сўм маблағ қайтарилган.

Янгиқўрғон туманида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор И.Абдуллаев электр қувватининг узиб кетилганидан азият чеккан. Кўрилган чора туфайли электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан тадбиркор асоссиз равишда электр энергиясидан узиб қўйилгани аниқланди. Тегишли равишда киритилган тақдимномага кўра, айб­дор шахс О.Махсумхоновга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди ҳамда тадбиркорни қийнаган масала ҳал этилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидан бири — бу уларнинг мурожаатларини зудлик билан кўриб чиқишдир. Шу мақсадда Адлия вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида махсус “Ишонч телефони” ташкил этилган. Мурожаатлар вазирликнинг расмий веб-сайти орқали қабул қилиниши ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йилда тадбиркорларнинг жами 2,7 мингга яқин мурожаати қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди. Масалан, “Нишон хиёбони” хусусий корхонаси раҳбари Т.Зоиров “Агробанк”нинг Нишон филиалидан кредит ололмаётганини “Ишонч телефони” орқали билдирган. Мурожаатдан кейин кўрилган чора туфайли айбдор шахс жазосини, тадбиркор эса 95 миллион сўм кредитни олди.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишлар сони йилдан-йилга камайтирилиб, уларнинг фаолиятига аралашувлар кескин қисқараётган бўл­са-да, айрим назорат қилувчи орган ходимлари томонидан ҳанузгача текширишларни ўтказишда қонун талабларини бузишга йўл қўйилмоқда. Ўтган йилдаги ўрганишларда назорат қилувчи органлар томонидан 49 тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани ва бу жараёнда 4 мингга яқин ҳолатда белгиланган тартиб бузилгани аниқланди. Мисол учун, Нукус шаҳар ер ресурс­лари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан “Нурёғди” масъулияти чекланган жамиятида рухсатсиз текшириш ўтказилгани аниқланди. Прокуратура органларига киритилган таклифга асосан айбдор шахс­ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Қибрай туманида фаолият юритаётган оилавий тадбиркор Р.Собировнинг фаолиятида туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Н.Маҳкамов томонидан рухсатсиз текшириш ўтказилган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия органи томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомага асосан айб­дорга суд қарорига асосан жарима қўлланилди.

Аниқланган қонунбузилиши ҳо­латларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан 2,3 минг нафардан зиёд мансабдор шахсга интизомий жазо чораси кўрилди. 326 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Шундан 97 нафар шахс лавозимидан озод этилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 30 миллиард сўмдан ортиқ, фермерларнинг манфаатида 55,2 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди.

Ҳозирда тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида Текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этишнинг он-лайн-электрон тизими жорий этилди. Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши билан ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги ҳамда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан назорат қилиб бориш имконияти яратилади.