Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



05:35:20 (GMT +5), Яш, 28 апр 2024

“Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари RSS обуна

“Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари




Мухтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мустақиллик йилларида тадбиркорликни ривожлантириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ишончли норматив-ҳуқуқий база яратилди ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланди. Улар моддий-техника ва молиявий ресурслар олишлари учун кенг имкониятлар пайдо бўлди, бизнес-муҳити яхшиланди. Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиботлари анча қисқарди, ҳисобот тизими соддалаштирилди.

Албатта, ушбу кўрилаётган чоралар иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини, шунингдек ҳудудларни ривожлантиришга, тадбиркорлар сони ва уларнинг улушини кўпайтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Натижада бугунги кунга келиб, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони 580 мингдан ортиқни ташкил этган ҳолда, кичик бизнес улуши ялпи ички маҳсулот таркибида 56,7 фоизни, аҳоли бандлиги соҳасида эса 77 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар айрим хорижий давлатлардаги рақамлар билан солиштирилганда, анча юқорилиги бизни қувонтирмоқда.

Бундан ташқари, дунёнинг нуфузли молиявий ташкилотлари томонидан юритилаётган рейтингларда ҳам Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилиб бормоқда. Масалан, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” ҳисоботида Республикамиз 2014 йилга нисбатан 
16 поғона кўтарилиб, 189 та давлат орасида 87-ўринни эгаллади. Айниқса, бугун муҳокама мавзуси бўлган давлат хизматларидан айримлари, яъни корхонани ва мулкни рўйхатдан ўтказиш масаласи юқори поғанани эгаллаб турибди.

Шу ўринда мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига доимий равишда эътибор қаратиб келинаётганлигини таъкидлашимиз лозим. Ушбу эътибор натижасида бу соҳадаги қонунчилик босқичма-босқич тизимли равишда такомиллашиб бормоқда.

Ана шундай ишларни давом эттириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган инвентаризация натижасида бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти 1200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълум бўлди. Хусусан, 156 та қонун, давлат раҳбарининг 137 та фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг 280 та қарори қабул қилинган.

Сўзсиз ушбу рақамлар жуда катта, айниқса вазирлик ва идораларнинг 646 та норматив ҳужжатлари. Уларнинг нотўғри талқин қилиниши ва ноаниқ ижро этилиши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга халақит бермоқда. Шунга кўра, ҳозирда тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тўғридан-тўғри қонунлар билан тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мухтарам Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармони тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга катта туртки бўлди.

Мазкур Фармон билан давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларни хизмат кўрсатувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йил 28 сентябрда Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2412-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан “Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш белгиланди.

Шунингдек, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат ушбу марказлар орқали амалга оширилиши ҳамда мазкур хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилиб, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 14 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги 358-сонли қарори билан марказлар фполиятини ташкил этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ҳақидаги Низомлар тасдиқланди.

Энди Марказларнинг ташкилий жиҳатларига қисқача тўхталсам!

Ҳозирда Марказлар тадбиркорлар учун қулай бўлган жойларга жойлаштирилди. Улар тўлиқ Интернет тармоғига уланди. Марказларда тадбиркорлар учун барча шароитлар яратилган. Жумладан тадбиркорлар учун алоҳида кутиш жойлари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун алоҳида Интернет тармоғига уланган компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.

Адлия, Иқтисодиёт, Молия, Ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш вазирликлари ва Савдо саноат палатаси ходимлари билан биргаликда марказларни штат бирликлари аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўрилди.

Туман шаҳар аҳолиси ва тадбиркорлар сонидан келиб чиқиб зарур штат бирлиги сони 1669 нафар этиб белгиланди. 3 мингга яқин талабгорлар билан суҳбат ўтказилиб, бугунги кунга улардан 1561 нафари лавозимларга тавсия этилди.

Таъкидлаш лозимки, тадбиркорларга 200 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлса, ҳозирда улардан 16 тури ушбу марказлар томонидан амалга оширилмоқда.

Бу хизматлар албатта босқичма-босқич яна кўпайтириб борилади. Бу эса, марказ ходимларидан юқори касбий тайёргарлик ва чуқур билимни талаб этади. Шу мақсадда уларнинг малакаларини ошириш борасида тадбирларимизни яна давом эттиришимиз лозим.

Ушбу марказлар 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган бўлсада, ҳали жойларда айрим муаммолар ўз ечимини топмаган.

Жумладан, республика бўйича мавжуд 194 та марказлардан Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани “ягона дарча” маркази, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани ва Ширин шаҳри “ягона дарча” марказлари, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани “ягона дарча” маркази бинолари ҳозирги кунга қадар тайёр ҳолатга келтирилмаган, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “ягона дарча” маркази эса, керакли даражада жиҳозланмаган.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг барча туманларидаги давлат хизматлари кўрсатувчи “Сувоқава” ташкилотининг ҳудудий бўлимларида интернет тармоғи уланмаганлиги сабабли, марказлари билан ўзаро ҳужжат алмашинуви амалга оширилмаяпти.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Назорат режасига кўра, 2015 йил 25 декабргача бўлган муддатда – давлат хизматлари олиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг намунавий шакллари ва бланкалари, “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари паспортлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши белгиланган.

Бироқ, ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ташқари, барча вилоят ҳокимликларининг хизмат кўрсатиш бўйича паспортлари тасдиқланмади.

Шу сабабли, бундай камчиликларни тез кунларда бартараф этиш чоралари кўрилиши зарур.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керакки, Марказлар томонидан жорий йилнинг январ ойида 4700 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Ҳозирда вазирлик томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёни бўйича мониторинг олиб борилаётган бўлиб, агар қонун бузилишлар аниқланса, албатта айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳурматли ҳокимлар!

Ушбу Маказлар фаолиятини янада тўлақонли ташкил этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

- марказларга алоҳида бинолар ажратиш ҳамда биноларни капитал таъмирлаш ишларини якунига етказиш;

- марказларда фаолият кўрсатиш учун тавсия этиладиган кадрларни малакаси ва тажрибасига эътибор қаратиш;

- кадрлар резервини яратиш;

- марказлар билан давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар орасида узлуксиз электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилишини таъминлаш;

- марказлар ва давлат хизматларини кўрсатувчи идора ходимлари иштирокида тегишли мутахассисликларни жалб этган ҳолда мунтазам равишда ўқув-семинарлари ташкил этиш;

- марказ ходимларини имкон қадар бошқа ишларга жалб қилмаслик;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ марказ ҳисоб рақамига келиб тушадиган маблағларнинг фақат марказ ходимлари таъминотига, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, иш ҳақи тўлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилишини таъминлаш ва назорат қилиш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган Марказлар тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик тўсиқларнинг олидини олишда муҳим ўрин эгаллайди, тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесларини юритишлари учун қулайлик яратади.

Ҳурматли ҳокимлар!

Бу масалаларни тартибга солиш, Марказлар фаолиятини ташкилий таъминлашини ва узлуксиз ишлаши доимий назоратингизда бўлиши жойларда тадбиркорликни янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.

Эътиборингиз учун раҳмат! 


Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 

ўринбосари А.Усмановнинг Ўзбекистон 

Республикаси Президенти ҳузуридаги 

Давлат бошқаруви академиясидаги

маърузаси