Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



14:12:24 (GMT +5), Шб, 27 апр 2024

Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маърузаси. RSS обуна

Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маърузаси.

2020 йил 10 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров иштирокида ўтказилган брифингда «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги Президент фармони ижроси юзасидан маълумот берилди.


2020 йил 10 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров иштирокида ўтказилган брифингда «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги Президент фармони ижроси юзасидан маълумот берилди.

Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маърузаси.

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамюртлар, телетомошабинлар!

Қонун устуворлигига интилаётган ҳар қандай мамлакат, аввало, ўзининг ҳуқуқий тизимини ва қонунчилигини мунтазам такомиллаштириб боради. Тараққиёт ва ислоҳотлар самараси эса жамиятда қонун устуворлиги нақадар таъминланганлигига узвий боғлиқдир.

Адлия органлари ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритувчи, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантирувчи муҳим тизим ҳисобланади.

Ушбу тизим фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш орқали ҳуқуқий давлат қуриш сари амалга оширилаётган ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш эса давр талабидир.

2020 йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармоннинг асосий мақсади:

- ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш;

- изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш;

- давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш;

- аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш;

- шунингдек, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этишдан иборат.

Фармон билан Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча янги вазифалар юклатилди:

биринчидан, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни янада такомиллаштириш;

иккинчидан, барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

учинчидан, фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;

тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;

бешинчидан, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;

олтинчидан, маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

еттинчидан, давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

саккизинчидан, халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказиш;

тўққизинчидан, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга тушириш.

Шунингдек, Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Маълумки, ҳозирги кунга қадар адлия органлари ва муассасаларини ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболга қаратилган ривожлантириш статегиясини белгилаб берувчи ягона ҳужжат мавжуд эмас эди.

Шундан келиб чиқиб, Фармон билан 2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси;

ушбу Концепцияни 2020–2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;

2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.

Хусасан, Концепция доирасида 12 та йўналиш бўйича жами 157 та вазифа белгиланди. Жами 46 та мақсадли кўрсаткичларга, яъни индикаторларга, эришиш устувор мақсад қилиб қўйилди.

Жумладан, 2020 йилда Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган жами норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улуши
20 фоизга етказилади.

Индикаторлар доирасида Вазирлик томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг 12 фоизи электрон шаклда кўрсатилади, давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сони 15 тага оширилади, хусусий нотариусларнинг улуши 95 фоизга етказилади. Бу эса соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш орқали фуқароларга ўз вақтларидан унумли фойдаланиш, ортиқча бюрократик тўсиклардан озод бўлиш, маблағларини тежаш имконини яратади.

Фармон асосида 2020 йил 1 июлдан бошлаб бир қатор янги тартиблар амал қилишни бошлади.

Биринчидан, жисмоний ва юридик шахслар учун ҳуқуқий жавобгарликни белгиловчи нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади.

Бундан ташқари, амалдаги қонун ости ҳужжатларининг ҳуқуқий жавобгарлик ва санкция белгиловчи нормаларининг амалда қўллаш зарурати ўрганилган ҳолда, улар бекор қилинади ёки тегишли қонунларга ўтказилади.

Иккинчидан, жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни идоравий ҳужжатларга киритиш тақиқланди.

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда концептуал жиҳатдан янги механизмларни яратишнинг “пакет” принципи жорий қилинди.

Ушбу принципнинг жорий этилиши натижасида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда “ҳуқуқий бўшлиқ”лар юзага келиши каби муаммолар бартараф этилади.

Тўртинчидан, Фармонга асосан қонунчиликни тизимлаштириш
ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилди.

Бугунги кунда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида 3 минг 973 та ҳужжат мавжуд бўлиб, йилига ўртача 600 та идоравий ҳужжат қабул қилинмоқда.

Ҳуқуқ амалиёти ушбу йўналишдаги ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри ва таъсирчан қонунчилик йўли билан тартибга солиш амалиётига ўтишга қаратилган. Бу эса, ҳуқуқий зиддиятлар, коллизиялар, ҳуқуқий нормаларни турлича талқин қилиш каби ҳолатларга барҳам беради.

Бешинчидан, Фармон билан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш синов тариқасида ягона электрон тизими орқали амалга ошириш бошланди. Жорий йил 1 октябрдан эса бу тизим тўлиқ ишлай бошлайди.

Адлия вазирлиги томонидан Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 1 июль куни қонун ижодкорлиги жараёнига рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичига қадам қўйилди. Яъни, ягона электрон тизим орқали Ўзбекистон тарихида биринчи марта қонун ҳужжати электрон шаклда қабул қилинди ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Айни пайтда идоравий ҳужжатларни қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши натижасида давлат органлари томонидан ортиқча сарф-ҳаражат, ҳаддан зиёд вақт ва меҳнат ресурслари сарфланишининг олдини олишга эришилади.

Олтинчидан, жорий йил 1 июлдан бошлаб, техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, яъни техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария, фитосанитария, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари каби ҳужжатлар Адлия вазирлигида мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши бошланди.

Шунингдек, ҳозирги кунда амалда бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги норматив ҳужжатлар эса жорий йил якунига қадар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига тўлиқ жойлаштирилади.

Бу, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахслар учун республикада мавжуд барча техник норматив ҳужжатлар билан танишиш имониятини беради.

Ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштириш ҳамда қонуности ҳужжатларини қисқартириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра,
ўз долзарблигини йўқотган ҳамда амалиётда қўлланилмайдиган
2,5 мингдан зиёд қонун ҳужжатлари мавжудлиги аниқланди.
Шу боис, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш, тартибга солишнинг эскирган механизмлари ҳамда асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб таомиллар қўлланилишини бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Фармонга мувофиқ Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, туман даражасидаги юридик хизмат ходимига 39 та функция юклатилган бўлса-да, бироқ амалда ушбу ходимининг ташкилотдаги вазифаси бор-йўғи буйруқлар ва шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш (асосан виза қўйиш), заруратга қараб суд мажлисларида иштирок этишдан иборат бўлиб қолмоқда.

Бу эса ўз навбатида уларни сақлаб туриш учун давлат бюджетидан ортиқча харажатларни талаб қилмоқда.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд жами 23 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Келгусида ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан таклиф киритилади.

Мазкур йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга тўлиқ ва таҳлилий тарзда етказиб бериш, ҳуқуқий ахборотни етказишда таъсирчан усуллар ва воситалардан кенг фойдаланиш долзарб ҳисобланади.

Шу сабабли, Вазирлик ҳузуридаги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази”, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти” ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилди.

Марказ аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш каби вазифаларни амалга оширади.

Мазкур Фармонда белгиланган янги вазифалар ва функциялар адлия органлари ва муассасалари ходимларининг масъулиятини янада оширади, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашда янги марраларни забт этишга замин яратади.

Фармоннинг ижроси бўйича амалга оширилаётан ишлар ҳақида сизларга мутназам маълумот бериб борамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!