Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



09:02:53 (GMT +5), Сш, 23 апр 2024

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот

17.02.2022

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини
тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида

2021 йил якунлари бўйича

ахборот

Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил якунлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими (кейинги ўринларда – ТСТБ) таҳлил қилинди.

Таҳлил натижаси юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

I. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ТСТБ соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ходимларнинг малакасини ошириш бўйича

Адлия вазирлиги томонидан ТСТБ тизимини комплекс жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши таъминланди. Хусусан, “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон қарори, шунингдек, ТСТБ Низоми, Услубиёти, ҳисобот шакллари, намунавий сўровномаси тасдиқланди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ТСТБ бўйича масъул ходимларининг малака ва кўникмаларини ошириб бориш мақсадида 2021 йил давомида ТСТБ соҳасида маҳаллий ҳамда халқаро эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда 11 та ўқув-амалий семинарлар, 3 та конференция, шунингдек, Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси билан методик вебинар ташкил этилди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ТСТБ бўйича мутахассисларни тайёрлашга мўлжалланган махсус ўқув дастури ҳамда 10 та мавзудан иборат электрон ўқув модули асосида Юристлар малакасини ошириш марказида хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ўқув курси”да 50 та вазирлик ва идоралар ҳамда 10 та ҳокимликларнинг жами 112 та масъул ходимлари ўқитилди ҳамда ўқув курсини тамомлаган 111 нафар тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Ўзбекистонда ТСТБ тизимининг самарали йўлга қўйиш, шу жумладан ТСТБ жараёнларини regulation.gov.uz тизимига интеграция қилиш масаласида тегишли техник вазифаларни ишлаб чиқиш учун – Jacobs, Cordova & Associates (JC&A) халқаро консалтинг ташкилотининг катта директори – Цезарь Кордова ва халқаро экспертлардан иборат делегация 2021 йилнинг 6 сентябридан1 октябрига қадар Ўзбекистонда бўлиб, Адлия вазирлигида масъул вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда ТСТБ услубиётини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш, regulation.gov.uz бўйича техник вазифаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ТСТБ бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан онлайн платформа (tstb.gov.uz)ни яратиш имкониятлари таҳлил қилинди.

“Telegram” ижтимоий тармоғида ТСТБга масъул давлат органлари учун – “TSTB_MAS’UL_ORGANLAR” ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг 200 га яқин ТСТБга масъул ходимлари учун – “ADLIYA_TSTB” телеграм гуруҳи ташкил этилиб, уларга тегишли услубий кўмак бериб бориш мақсадида телеграм гуруҳига 200 га яқин методик слайд ва инфографикалар, видеороликлар, шунингдек, қўлланмалар жойлаштирилди.

II. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш (ex-ante) ҳолати.

Адлия вазирлигига 2021 йил 15 мартдан 31 декабрга қадар ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2 122 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари келиб тушган бўлиб, уларнинг 118 таси (ҳуқуқий экспертизага келиб тушган 118 та лойиҳа жами 212 марта келиб тушган) ТСТБ доирасига тушади.

1-диаграмма

Бироқ, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ТСТБ доирасига тушадиган 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 89 таси ёки 75 фоизи ТСТБдан ўтказилиши таъминланмаган. Шунингдек, ТСТБ бўйича ҳисобот тўлдирилмаган ҳамда хулоса берувчи органларнинг (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – тадбиркорлик фаолиятига таъсири ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси – рақобат муҳитига таъсири юзасидан) хулосалари олинмаган.

Вазирлик ва идоралар томонидан ТСТБдан ўтказилиши лозим бўлган 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларидан 29 таси (25 фоизи) юзасидан ТСТБ бўйича ҳисобот тўлдирилган.

2-диаграмма

Таъкидлаш жоизки, мазкур давр мобайнида Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизага келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш орқали тадбиркорлик субъектларига ортиқча юк ва қўшимча харажатга олиб келиши мумкин бўлган 400 дан ортиқ нормалар аниқланган ва энг асосийси уларнинг амалиётга татбиқ этилишининг олди олинишига эришилган.

III. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш (ex-post) ҳолати.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2021 йил 21 апрелдаги 44-сон баёни билан 2021 йилда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш режаси тасдиқланган.

Режага асосан 14 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ТСТБдан ўтказилиши лозим бўлиб, Адлия вазирлигининг методик кўмагида вазирлик ва идоралар томонидан 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ТСТБдан ўтказилди, та ҳужжат мазкур давр мобайнида ўз кучини йўқотганлиги сабабли ТСТБдан ўтказилмади.

3-диаграмма

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш режасининг бажарилиши мониторинги натижаларидан келиб чиқиб, 6 та вазирлик ва идораларга ТСТБ соҳасида йўл қўйилган қоидабузарликларни ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилди.

2021 йил давомида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказилиши натижаси бўйича 10 та қонунчилик ҳужжатларидан 7 та ортиқча тартибга солиш воситаларини бекор қилиш, 13 та тартибни соддалаштириш ёки харажатларни камайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган.

2021 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш натижаларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси билан тасдиқланадиган йўл харитаси тайёрланиб, ортиқча тартибга солиш воситаларини бекор қилиш чоралари кўрилмоқда

Изоҳ: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори 59-бандига мувофиқ эълон қилинмоқда.


Back to the list