Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



06:58:25 (GMT +5), Шб, 27 апр 2024

2017 йилда коррупцияга қарши курашиш доирасида амалга оширилган ишлар RSS обуна

2017 йилда коррупцияга қарши курашиш доирасида амалга оширилган ишлар


Адлия органлари раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида тизимли равишда фуқаролар ва тадбиркорлар билан сайёр тарздаги учрашувлари ташкил этиб келинмоқда. Вазирлик раҳбарияти томонидан ҳудудларда 124 маротаба сайёр қабуллар ташкил қилинди.

Коррупция ҳолати кўп содир этилиши мумкин бўлган фаолият йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, нотариал идоралар фаолиятида коррупция ва ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг олдини олиш ҳамда сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишда шаффофликни таъминлаш мақсадида алоҳида чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, вазирлик ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан бўш (вакант) нотариус лавозимига ўтказиладиган танловларнинг холислиги, одиллиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида танлов ўтказиш жараёни видеотасвирга олиниб, интернет тармоғида тўғридан-тўғри узатилиши йўлга қўйилди. Бундай форматда ўтказилган танлов жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди ва ўзининг ижобий самарасини беришни бошлади.

Барча давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимлари биноларида “Ахборот бурчаги” ташкил этилиб, унда ҳар бир нотариал ҳаракатни расмийлаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва тегишли тўловлар миқдори ҳамда давлат божи тўлашдан озод этиладиган шахслар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилди.

Давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органлари биноларига видео-кузатув мосламалари ўрнатилди. Идоралараро электрон алоқалардан фойдаланиб нотариал ҳаракатларни тасдиқлаш механизмлари жорий этилди.

“Электрон ҳукумат” тизимида аҳоли кириши учун давлат нотариал идораси ва ФҲДЁ органларининг инфокиоскларини ўрнатиш, шунингдек аҳоли учун текин бўлган “Нотариус калькулятори” ва “ФҲДЁ калькулятори” мобил иловаларни ишлаб чиқиш чора-тадбирлари амалга оширилди. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда электрон тўловлар шаклларидан фойдаланишни жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тизимда коррупция ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида бир қатор ички директив ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 31 майдаги 149-ум-сон буйруғи билан Коррупция фактлари ҳақида ишончли хабар берганлиги учун давлат нотариал идоралари, нотариал архивлар ва ФҲДЁ органлари ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисида низом ҳамда 2017 йил 31 майдаги 150-ум-сон буйруғи билан Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан коррупцияга
оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур Низом талаблари адлия органлари ва муассасалари томонидан ходимлар иштирокида ўтказилган 42 та семинарларда ҳамда Юристлар малакасини ошириш марказидаги ўқув курсларида ходимлар эътиборига етказилди.

Адлия вазирининг 2016 йил 30 мартдаги 55-ум-сон “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига доир айрим ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ҳамда 2017 йил 6 апрелда тасдиқланган календарь режага асосан 2017 йилда адлия органлари ва муассасаларининг ҳар бир ходимига Одоб-ахлоқ қоидаларини мақсади ва вазифаларини етказиш бўйича ҳам кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. 729 нафар ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органлари ва давлат хизматлари марказларида 428 та рейдлар ўтказилиб, натижада 225 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди (198 нафар ходимга “ҳайфсан”, 24 нафар ходимга “жарима”, 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимдан озод қилинди).

Ходимлар хатти-ҳаракатларидан норозилик ҳақида келиб тушган мурожаатлар ҳар чорак якунида таҳлил қилиниб, вазирликнинг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилинди.

Давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органлари ва давлат хизматлари марказлари биноларига видео кузатув мосламаларини ўрнатиш бўйича доимий равишда ишлар ташкил қилинди. Ҳозирги кунда 217 та давлат нотариал идоралари ва 109 та ФҲДЁ органлари биноларида видео кузатув тизими ишга туширилди ва 2018 йилда ҳам улар сонини ошириш режалаштирилган.