Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



14:46:13 (GMT +5), Яш, 22 дек 2024

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаси

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : А.Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Аёлларсиз ҳаётни,тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди.Улар жамиятнинг етакчи кучлари,моҳир ва уддабурон мураббийлари, меҳрибон ва оқила тарбиячиларидир.

Бугун жамиятнинг деярли ҳеч бир муаммосини, ҳатто келажаги буюк давлат қуриш вазифасини ҳам аёллар иштирокисиз ҳал қилиш мушкул.Келажаги буюк давлат қуриш борасида биз, энг аввало, ёш авлодга таянамиз.Фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Оиладаги ўғил-қизларимизнинг қандай инсонлар бўлиб етишиши ҳаммадан бурун аёлларимизга боғлиқ.

Давлатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов айтганларидек, “Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу баракот киритадиган,хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўтабар оналаримиз,мунис опа - сингилларимиздир. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги,қолаверса,бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.Онани эъзозлаш - бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз”.

Дарҳақиқат,давлатимиз хотин-қизларга катта эътибор бермоқда.Жамиятимизнинг турли соҳаларида уларнинг фаол иштирок этишлари учун барча шароитларни яратилмоқда.Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабатда ўзининг тарихий илдизларига эга бўлган аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга,уларга нисбатан ҳурматли ва иззатли муносабатда бўлишга даъват этишган.

Республикамиз БМТнинг “Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақида”ги конвенциясига, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги,”Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида”ги конвенцияларига МДҲ давлатлари ичидан биринчилар қаторида қўшилди.Бу ҳужжатлар хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш ва уларнинг оиладаги ва умуман жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий - ҳуқуқий ҳужжатлар комплексининг таркибий қисмидир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармонининг қабул қилинганлиги бунинг ёрқин ифодасидир.

Мазкур Фармон билан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу Фармоннинг қабул қилинишидан асосий мақсад хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аёллари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқеи мустаҳкамланаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратаётир.