Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



05:31:27 (GMT +5), Пш, 25 апр 2024

Нодавлат суд экспертиза ташкилотлари: улар давлатникидан фарқ қиладими?

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлигининг масъул ходими Базоров Миркомил Махмудович

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби суд экспертизаси соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 17 январида “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори эълон қилинди. Қарор билан нодавлат суд экспертизаси ташкилотларини ташкил этишга рухсат берилди. Эндиликда давлат суд экспертизаси ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат суд экспертизаси ташкилотларида ҳам 44 турдаги экспертиза турлари ўтказилиши мумкин бўлади.

Шунингдек қарорга кўра нодавлат суд экспертизаси ташкилотларининг суд экспертлари бўлган шахслар пуллик асосда давлат муассасаларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтадилар. Курсларни тамомлаган шахсларга суд эксперти сертификати берилади ҳамда мазкур сертификатга эга шахслар ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган Ягона реестр (тўлиқ номи керак) га киритилади. Ягона реестрдан ташқари Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтинги юритилади.

Мазкур сертификатга эга бўлмагунга қадар нодавлат суд экспертизаси ташкилоти суд экспертининг суд экспертизаси фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, нодавлат суд экспертизаси ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд экспертизаси муассасалари каби функцияларни амалга ошириши, улар билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши ҳамда жавобгар ҳисобланиши қарорда алоҳида қайд этиб ўтилган.

Фақатгина суд экспертизасини тайинлаган орган (мансабдор шахс) нодавлат суд экспертизаси ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда такрорий суд экспертизаси фақат давлат суд экспертизаси муассасалари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Кутилаётган натижалар

Нодавлат суд экспертизаси муассасаларининг ташкил этилиши натижасида давлат суд экспертизаси муассасаларидаги иш юкламаси камаяди. Экспертиза тадқиқотларини янада сифатли ўтказилишига ҳамда мазкур соҳада рақобатнинг кучайишига ижобий таъсир кўрсатади. 

 

Қилинган ва кутилаётган ўзгаришлар

Қарорга мувофиқ илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгиланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг тегишли бўлим ва лабораторияларига бириктирилди.

Бундан ташқари, қарор билан 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ушбу “Йўл харитаси”да халқаро стандартлар асосида суд экспертизаси фаолиятини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, моддий-техник базани янгилаш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, мазкур қарорнинг қабул қилиниши суд экспертизаси соҳасини ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқишга, суриштирув, тергов ва суд жараёнида далилларга ва аниқланган бошқа ҳолатларга тўғри, ҳаққоний ва холисона баҳо беришга хизмат қилади. Зеро, суриштирув, тергов ва суд жараёнида инсон тақдирига оид масалалар ҳал этилади.