Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



06:35:17 (GMT +5), Дш, 20 Мая 2024

Адлия вазирлиги: Қонунчиликка “хотин-қизларни таъқиб этиш” тушунчасини киритиш бўйича таклифлар берилди

Адлия вазирлиги: Қонунчиликка “хотин-қизларни таъқиб этиш” тушунчасини киритиш бўйича таклифлар берилди


Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Бош прокуратура ва БМТ Тараққиёт дастури доирасида “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, халқаро ва миллий тажриба” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов ўз маърузаси билан иштирок этди.

А. Каримов ўз сўзида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилиниши натижасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеи янада мустаҳкамланганини эътироф этиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ кафолатлар тизими яратилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш борасида Адлия вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани юзасидан маълумот берди.

Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик, яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик ва шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2022 йил 28 майда Вазирлар Маҳкамасига киритилганини қайд этди.

Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга “хотин-қизларни таъқиб этиш” тушунчасини киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2022 йилнинг 28 майида Вазирлар Маҳкамасига киритилганини таъкидлади.

Вазир ўринбосари шунингдек, жамиятдаги аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ушбу соҳадаги мавжуд ҳужжатлар билан таништириш ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида “Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий платформаси (мобил иловаси билан) яратилиб, фаолият юритаётганини мисол келтирди.

Бундан ташқари, масофадан интерактив усулда хотин-қизларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш мақсадида kurslar.huquqiyportal.uz порталида аёллар ҳуқуқи бўйича 12 та дарсдан иборат алоҳида бўлим яратилгани ва мазкур онлайн ўқув курсларида 1,7 минга яқин хотин-қизлар мустақил ўқитишдан ўтказилганини эътироф этди.

А. Каримов вазирлик томонидан интернет қамрови паст аҳоли қатлами учун эса “Аёлларга ҳуқуқий мадад” амалий қўлланмаси тайёрланиб, бепул тарқатилгани, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойларида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой” ҳуқуқий акцияси ўтказилгани юзасидан ахборот берди.

Маърузада Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 5 майдаги “Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонликларга оид масалалар ҳақида”ги ҚҚ-345–ИВ-сонли қарорига мувофиқ ишчи гуруҳ тузилиб, ишчи гуруҳ таркибида хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик учун жавобгарлик масаалаларни кучайтириш, уларнинг ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Дарҳақиқат, Адлия вазирлиги томонидан оиладаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича 2 700 дан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, телеканалларда 24 та, радиода 125 та чиқишлар қилинди, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда 380 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, газета ва журналларда 320 та мақола чоп этилди ҳамда веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда 1 850 дан ортиқ маълумотлар жойлаштирилди.

Қолаверса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича адлия органлари томонидан 4 500 дан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Вазир ўринбосари чиқиш сўзида мазкур соҳани такомиллаштириш юзасидан қонун ҳужжатлари нормаларини хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликда жавобгарлик чораларини янада кучайтириш, тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш лозимлиги, маҳалла институтларининг ролини оширишга қаратилган бир қатор таклифлар билдирди.

Семинарда бу каби ислоҳотлар самараси, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишда асосий пойдевор сифатида хизмат қилиши таъкидланди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими