Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



10:03:49 (GMT +5), Дш, 20 Мая 2024

E-qaror электрон тизими бўйича Адлия вазирлигининг расмий муносабати

E-qaror электрон тизими бўйича Адлия вазирлигининг расмий муносабати


“E-qaror” электрон тизими орқали айрим ҳокимлик ҳужжатлари эълон қилинмаётганлиги ва аксинча шахсга доир маълумотлар акс этган ҳужжатлар эълон қилинаётганлиги ҳамда платформанинг янги версияси бўйича ижтимоий тармоқларларда билдирилган ҳолатлар юзасидан Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Вазирлик томонидан аввал ҳам (https://minjust.uz/uz/press-center/news/104513) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари “E-qaror” электрон тизими орқали эълон қилинмаётганлиги ёки аксинча шахсга доир ҳокимлик ҳужжатлари эълон қилинаётганлиги юзасидан расмий муносабат билдирилган.

Юқоридагиларга қўшимча равишда ижтимоий тармоқларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

Биринчидан, жамоатчилик вакиллари ва фойдаланувчилардан келиб тушган таклифлар асосида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ҳамда тизимдан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 2 декабридан бошлаб “E-qaror” электрон тизимига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

- замонавий технологик янгиликлардан келиб чиқиб тизим иккига ажратилди (монолит тузлишдан front-end ва back-endга ажратилди);

- тизимнинг аввалги версиясида яширин қабул қилинган ҳокимлик ҳужжатлари умумий қабул қилинган ҳужжатлар рўйхатида ва статистикада акс этмаган, янги талқинда эса яширин қабул қилинган ҳокимлик ҳужжатлари тартиб рақами ва қабул қилинган санаси умумий рўйхатда тақдим этилмоқда;

- тизимнинг аввалги версиясида стастика бўлимида ҳокимлик томонидан қабул қилинган яширин ҳужжатлар кўрсатгичи тақдим этилмасди, энди эса ушбу кўрсатгичлар ҳам кенг жамоатчиликка ошкор этилмоқда;

- тизимнинг кенгайтирилган қидирув бўлимида ҳокимлик томонидан қабул қилинган яширин ҳужжатлар рўйхатини қидириш бўйича функцияси жорий этилди;

- тизимнинг асосий саҳифаси дизайни янгиланди, тизим ишлаш тезлиги ва самарадорлиги оширилди.

Иккинчидан, аввал ҳам таъкидланганидек қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади.

Ҳукумат қарорига (https://lex.uz/docs/5470461) кўра, ҳоким (кенгаш раиси) ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди, имзоланган ва махсус рақам билан рўйхатга олинган ҳужжатни Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилади (юқоридаги ҳолатлар бундан мустасно).

Шунга кўра, ҳоким (кенгаш раиси)га қарор имзоланишидан аввал мазкур ҳужжатни қабул қилиниши биланоқ Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилиш ёки аксинча эълон қилмаслик масаласини белгилаш имконияти яратилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Тизим ишга туширилгандан буён ҳозирга қадар 266 мингдан ортиқ қарор ва фармойишлар қабул қилинди (шундан 40 мингга яқин ҳокимлик ҳужжатлари эълон қилинмаган).

Мазкур қарорларнинг ҳар бирини Тизим орқали эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқиш ҳуқуқи қонунчилик талабига асосан фақатгина ҳужжатни қабул қилган шахс – ҳоким (кенгаш раиси)га берилган.

Учинчидан, ҳокимлик томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг мониторингини юритиш нафақат адлия органлари томонидан, балки прокуратура органлари (https://lex.uz/docs/5870331) томонидан ҳам амалга оширилади.

Хусусан, адлия органлари томонидан ўтказилган мониторинглар давомида:

2 800 га яқин ҳокимлик ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинмаганлиги аниқланди ҳамда ушбу қарорларни тизим фойдаланувчилари учун очиқ ҳолатда бўлиши таъминланди;

- 2 200 га яқин фойдаланилиши чекланган ахборотларни ўз ичига олган ҳокимлик ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинганлиги аниқланди ҳамда ушбу қарорларни эълон қилиш юзасидан чеклов ўрнатилди;

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, адлия органлари томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали ҳокимлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнлари доимий мониторинг қилиб борилади ҳамда ҳокимликларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасида вазирлик олдига қўйилган вазифалар сўзсиз таъминланади.

Хусусан, вазирлик томонидан ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимининг 1 ойда 170 та ҳужжатлари қабул қилгани ва уларнинг қарийб 100 таси жамоатчиликдан яширилганлиги ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилиб, ассосиз равишда яширилган 31 та ҳокимлик ҳужжатларини тизим фойдаланувчилари учун очиқ ҳолатда бўлиши таъминланди.

Шунингдек, шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг 2022 йил 20 октябрдаги VI-43-162-1-0-K/22-сон қарори эълон қилиниши юзасидан чеклов ўрнатилди.

Тўртинчидан, “E-qaror” электрон тизими жорий этилган вақтда бошлаб ҳозирга қадар бўлган даврда тизимдан фойдаланувчилар, ҳокимлик ва давлат идоралари, жамоатчилик вакилларидан 100 дан ортиқ таклифдар келиб тушди.

Ушбу таклифлар асосида “E-qaror” электрон тизими функционал имкониятлари кенгайтирилиб, фойдаланувчилар учун қулай ва шаффоф тизимга айлантирилди.

Шунингдек, бундан кейин ҳам доимий равишда “E-qaror” электрон тизими жамоатчилик вакиллари ва тизим фойдаланувчиларидан келиб тушган таклифлар асосида модернизация қилиб борилади.

Шу ўринда, “E-qaror” электрон тизими ҳокимликлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги ОАВ, журналистлар ва блогерларни жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги фаолликларини қўллаб қувватлайди ҳамда бу борада қонун устуворлигини таъминлашда уларнинг кўмагига суянади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан
алоқалар бўлими