Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



07:05:40 (GMT +5), Дш, 6 Мая 2024

“E-qaror” электрон тизими янги имкониятлари, маҳаллий норма ижодкорлиги соҳадаги ютуқ ва камчиликлар

“E-qaror” электрон тизими янги имкониятлари, маҳаллий норма ижодкорлиги соҳадаги ютуқ ва камчиликлар


Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг ошкоралиги ва халқчиллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сон қарорига асосан 2021 йил 1 июлдан бошлаб “E-qaror” электрон тизими орқали ишлаб чиқилган ҳоким қарорлари автоматик тарзда рақам берилиб, тизимда эълон қилиб борилмоқда (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар бундан мустасно).

Адлия вазирлиги ҳамда “Uzinfocom” МЧЖ масъул ходимлари томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб, жойига чиққан ҳолда семинар-тренинглар ўтказиш орқали республикамизнинг ҳар бир ҳудудида 11 мингдан ортиқ давлат ташкилотлари “E-qaror” электрон тизимига уланиши таъминланди.

Шу кунгача ҳоким қарорларининг 100 га яқин намуналари тизимга жойлаштирилди, автоматик статистик таҳлил қилиш ва барча жараёнларни адлия ва прокуратура органлари томонидан мониторинг қилиб бориш имконияти яратилди.

Тизим йўлга қўйилиши натижасида:

- бутун республика миқёсида ҳокимлик қарорларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш электрон тарзда бир манзилдан туриб амалга оширилмоқда;

- тизимдан 24/7 режимида ва Интернет тармоғи мавжуд бўлган дунёнинг истаган нуқтасидан фойдаланиш имконияти мавжуд;

- соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши натижасида ҳокимлик қарорларини сохталаштиришнинг олди олинди;

- ҳозирга қадар 270 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари бирорта қоғоз ишлатилмасдан электрон тарзда қабул қилинди, натижада 1,2 млн дона ёки 6 тонна қоғоз тежалди;

- ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотлар билан келишишга кетадиган вақт сезиларли даражада қисқарди (–25-30%);

- қарор лойиҳаларини ҳокимга имзолаш учун юридик хизматни четлаб ўтган ҳолда киритиш имконияти бартараф этилди;

- ҳоким қарорлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди (аввал бундай имконият бўлмаган).

Юқорида қайд этилган Ҳукумат қарорига асосан ҳокимлик томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг мониторингини юритиш нафақат адлия органлари томонидан, балки прокуратура органлари томонидан ҳам амалга оширилади.

Хусусан, адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида:

2 800 га яқин ҳокимлик ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинмаганлиги аниқланди ҳамда ушбу қарорларни тизим фойдаланувчилари учун очиқ ҳолатда бўлиши таъминланди;

- 2 200 га яқин фойдаланилиши чекланган ахборотларни ўз ичига олган ҳокимлик ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинганлиги аниқланди ҳамда ушбу қарорларни эълон қилиш юзасидан чеклов ўрнатилди;

- жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 889 та қонунбузилиш ҳолатлари акс этган ҳоким қарор ва фармойишлари аниқланган бўлиб, улардан 3 198 тасини бекор қилиш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш юзасидан 1 265 та таъсир чораси киритилди. Бунинг натижасида ҳокимликларнинг 2 587 та қарорлари бекор қилинди ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштирилди, 97 нафар масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилди;

- ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун ҳудудий адлия органларига тақдим этилган ҳужжатлардан 3 138 та норматив тусдаги қарорлар лойиҳаларининг 1 130 таси ёки (36%, тақдим этилган ҳар 3 та ҳужжатдан биттаси) қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилди ёки рад қилинди;

- Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига билан биргаликда тизимдан фойдаланувчилардан келиб тушган 100 дан ортиқ таклифлар асосида “E-qaror” электрон тизими такомиллаштирилди;

- турли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини “E-qaror” электрон тизимига интеграция қилиниши таъминланди (“YERELEKTRON”, “Regulation.gov.uz”, “Шаффоф қурилиш”, “Камерал назорат”, “Нотариус” ахборот тизимлари);

- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган 4 343 та норматив ҳужжатлари бекор қилинишини таъминланди;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни, ҳокимлик ҳужжатлари намуналари, ҳуқуқни қўллашда учраётган муаммолар ва унга ечимлар бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди ҳамда хизматда фойдаланиш учун барча ҳокимликларга юборилиши таъминланди.

Вазирлик томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бу борада “Е-қарор” электрон тизими имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий норма ижодкорлиги соҳасидаги эришилган ютуқ ва камчиликлар юзасидан жорий йилнинг 16 декабрь куни Адлия вазирлиги биносида ҳокимлик юридик хизмати ва ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда жамоатчилик вакиллари ва фойдаланувчилардан келиб тушган таклифлар асосида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ҳамда тизимдан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 2 декабридан бошлаб “E-qaror” электрон тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, бу билан инсон омили ва аралашуви камайишига, шунингдек қарорлар билан аҳолининг доимий равишда танишиш имконияти яратилишига ҳамда шаффофлик таъминланишига хизмат қилаётганлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, жамоатчилик вакиллари ва фойдаланувчилардан келиб тушган таклифлар асосида очиқлик, шаффофликни таъминлаш ҳамда тизимдан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида “E-qaror” электрон тизимига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

- замонавий технологик янгиликлардан келиб чиқиб тизим иккига ажратилди (монолит тузлишдан front-end ва back-endга ажратилди);

- тизимнинг аввалги версиясида яширин қабул қилинган ҳокимлик ҳужжатлари умумий қабул қилинган ҳужжатлар рўйхатида ва статистикада акс этмаган, янги талқинда эса яширин қабул қилинган ҳокимлик ҳужжатлари тартиб рақами ва қабул қилинган санаси умумий рўйхатда тақдим этилмоқда;

- тизимнинг аввалги версиясида стастика бўлимида ҳокимлик томонидан қабул қилинган яширин ҳужжатлар кўрсатгичи тақдим этилмасди, энди эса ушбу кўрсатгичлар ҳам кенг жамоатчиликка ошкор этилмоқда;

- тизимнинг кенгайтирилган қидирув бўлимида ҳокимлик томонидан қабул қилинган яширин ҳужжатлар рўйхатини қидириш бўйича функцияси жорий этилди;

- тизимнинг асосий саҳифаси дизайни янгиланди, тизим ишлаш тезлиги ва самарадорлиги оширилди.

- норматив тусдаги лойиҳаларда коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома (чеклист) тўлдириш имконияти яратилди;

- тизим “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан барча экспертизалардан мувафаққиятли ўтди;

- расмий дам олиш кунлари (якшанба ва байрам кунлари) ҳужжатлар қабул қилишга чеклов ўрнатилди;

- хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган қарорлар аввал бошидан очиқ эълон қилиниши олди олинди;

- тизим интерфейси қорақалпоқ тилида ҳам ишга туширилди;

Шунингдек, келгусида “E-qaror” электрон тизимини қуйидаги йўналишларда такомиллаштириш режалаштирилмоқда:

- электрон рақамли имзо билан тасдиқлашни face ID технологиялари билан алмаштириш;

- яширин ҳужжат қабул қилиш жараёнида инсон омилини минималлаштириш;

- тизимнинг мобил иловаларини ишлаб чиқиш;

ўзгартириш ва қўшимча киритилган ҳужжатлар механизмини такомиллаштириш.

Тадбирда маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда келгусида бундай камчиликларнинг олдини олиш масалалари бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан
алоқалар бўлими