Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



01:49:38 (GMT +5), Сш, 5 мар 2024

Адлия эътирофи: “ОАВда ҳуқуқ” ғолиблари тақдирланди.

Аҳамият беринг

Адлия эътирофи: “ОАВда ҳуқуқ” ғолиблари тақдирланди.


Бугун, 27-декабрь куни Адлия вазирлигида “ОАВда ҳуқуқ” танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда ғолиб деб топилган журналист ва блогерлар ва танлов ғолибларини аниқлаш бўйича тузилган комиссия аъзолари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш зарур.

Бу борада Адлия вазирлиги томонидан  тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар билан биргаликда очиқликни таъминлашда, жамиятда ҳуқуқни ва қонун устиворлигини тарғиб қилишда ҳамкорлик қилмоқда.

Вазирлик ўз фаолиятида ҳар йили ўзига ҳос анъанага айланган, ғоя ва мақсади бир бўлган мавзуларда танловлар эълон қилиб энг фаол журналист ва блогерларни тақдирлаб келмоқда.

Бу йил ҳам мазкур анъанани давом эттириб ОАВда ҳуқуқий мавзуда қалам тебратувчи ижодкорларни эътироф этиш мақсадида “ОАВда ҳуқуқ” номли танлов ўтказилди.

Танлов ғолиблигига номзодлар ноодатий усулда, яъни жамоатчилик фаоллари ва экспертлардан иборат комиссия томонидан номзодлар тақдим этилиб, босма, электрон ОАВда, теле-радио эфирларда ва шахсий блогларда ниҳоясига етаётган 2022 йил давомида эълон қилинган материаллар орасидан танлаб олинади.

Ғолиблар  ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал ва ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши блогпост номинациялар бўйича тақдирландилар.

I. “Ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал» номинацияси бўйича биринчи ўрин Gazeta.uz сайтининг журналисти Шуҳрат Латипов  “Nukusdagi vaziyat: tinch, biroq xavotirli” номли мақоласи ва инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги туркум мақолалари учун;

Иккинчи ўрин Kun.uz сайти муҳбири Жамшид Ниёзов суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларни ёритиб бориш юзасидан чиқарилган мақоллари учун;

Учинчи ўрин “XXI ASR” газетаси бўлим мудири  Нурхон Элмирзаева "Панжара ортида айтилган ҳақиқат" номли мақоласи учун тақдирланди.

II.“ Ҳуқуқни тарғиб қилувчи энг яхши блогпост” номинацияси бўйича Биринчи ўринни “Юристкадр” телеграм канали асосчиси Саидали Мухторалиев меҳнат қонунчилиги ҳамда давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларни кенг жамоатчиликка етказишдаги материаллари учун; Иккинчи ўринни Bakiroo телеграм канали асосчиси Отабек Бакиров “Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган қишлоқ хўжалиги ҳақида” пости учун; Учинчи ўринни юрист блогер Шерзод Эгамбердиев аҳолининг ҳуқуқий онгини оширувчи туркум контентлари учун эгаллади.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунчиликдаги янгиликлар, ижтимоий-сиёсий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларни аҳолига холис ва тезкор етказишда муносиб ҳисса қўшаётган “Sevimli” каналининг “Zamon” дастури “Адлия эътирофига” сазовар бўлди.

Ушбу эътирофга сазавор бўлган ва ғолиб деб топилганларни Адлия вазирлиги жамоаси табриклайди ва келгуси ишларига мувофаққиятлар тилайди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими