Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



08:08:52 (GMT +5), Чр, 1 Мая 2024

Адлия вазири А. Ташкулов Маъмурий ислоҳотларга оид Фармон бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига тақдимот ўтказди

Адлия вазири А. Ташкулов Маъмурий ислоҳотларга оид Фармон бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига тақдимот ўтказди


Жорий йилнинг 27 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармонини тасдиқлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Бунда, қабул қилинган Фармон мазмун-моҳияти ва унинг долзарблиги хусусида адлия вазири А. Ташкулов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига тақдимот ўтказди.

Хусусан, йиғилишда адлия вазири томонидан мамлакатимизда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича сўнгги 6 йил даврида эришилган натижалар, мавжуд камчилик ва муаммоларга тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, А. Ташкулов қабул қилинган Фармон билан давлат бошқаруви тизимида жадал ўзгаришлар амалга оширилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. Бунинг натижасида:

– мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони
25 тадан 21 тагача қисқартирилади;

– раҳбарларнинг молиявий ва институционал мустақиллигини ошириш орқали ҳудудлар билан ишлаш самарали тизими жорий этилади;

– бошқарув органлари функциялари тартибга солинади, бунда такрорланувчи функциялар 10%га бекор қилинади;

– Давлат бюджетини шакллантиришда вазирликлар иштироки оширилади ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти кучайтирилади.

  Ўз навбатида, депутат фракциялари томонидан қабул қилинган Фармон юзасидан фикр билдирилиб, мазкур ҳужжат ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадорликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланиб, бир овоздан қўллаб-қувватланди ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Олий Мажлис қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими