Акбар Тошқулов: “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими жорий этилади”

Аҳамият беринг

Акбар Тошқулов: “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими жорий этилади”


Бугун, 28 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида "Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда, Ўзбекистон Республикаси Адлия, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбарияти ва бошқа масъуллар иштирок этишди.

Анжуманда 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилиши ва   мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилиши юзасидан сўз борди.

Хусусан, адлия вазири А.Ташкулов ўз сўзида: “Фармон нафақат оптималлаштиришга, балки хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтилади. Гап натижадорликка асосланган ақлли бошқарув ҳақида кетмоқда. Уни замирида инсонларга хизмат қилиш, уларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш, яъни уларни рози қилиш ғояси ётади”- деди.

Шунингдек, Давлат органларининг функциялари қайта кўриб чиқилиши, такрорланувчи, ишламаётган функциялар бекор қилинади, айримлари хусусий секторга ўтказилиши ва Республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестри шакллантирилиши ва юритилишини таъкидлади.

Бундан ташқари вазир давлат бюджетидан давлат бошқаруви органларига ажратиладиган маблағларнинг миқдорларини белгилашда мазкур реестрда назарда тутилган функциялар мезон сифатида инобатга олиниши ҳақида гапирди. Бу борада функциялар ягона реестрини электрон тарзда юритиш имконини берадиган “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими юритилиши тўғрисида маълумот берди.

Анжуманда барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилиб, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланганлигини инобатга олган ҳолда республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестри шакллантирилиб, доимий юритиш амалиёти йўлга қўйилиши тўғрисида ҳам айтиб ўтилди.

Анжуман сўнгида журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими