Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



11:57:38 (GMT +5), Яш, 19 Мая 2024

Сифатсиз дори истеъмол қилинса...

Аҳамият беринг

Сифатсиз дори истеъмол қилинса...


Адлия вазирлиги ҳуқуқий тушунтириш беради

Бугунги кунда айрим дори воситаларини қабул қилиш оқибатида фуқаролар, хусусан, вояга етмаганларнинг вафот этиши ҳолатлари жамоатчиликда ҳақли эътирозлар ва турли саволларни келтириб чиқармоқда. Шу ўринда, сифатсиз дори воситаларини истеъмол қилганлик оқибатида соғлиғига зарар етказилган фуқароларнинг ҳуқуқлари бўйича Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Биринчидан, фуқаролар, истеъмолчи сифатида сотувчидан (ишлаб чиқарувчидан) уларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар қопланишини талаб қилишлари мумкин.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига асосан дори воситаларининг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек дори воситаларини истеъмол қилган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида дори воситасини истеъмол қилган фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарар, агар унинг айби исботланса, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қопланиши лозим.

Иккинчидан, истеъмолчи моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисида судга даъво киритиш мумкин.

Сифатсиз дори воситасини истеъмол қилиши натижасида фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказганлик учун фуқаролар ҳам моддий ҳам маънавий зарарни қоплаш масаласида судга мурожаат қилишлари мумкин.

Жумладан, Қонуннинг 29-моддасига асосан даъволар жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этилади ҳамда бундай даъволар давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Бундан ташқари, фуқароларга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим, ҳақ миқдорини суд белгилайди.

Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.

Бундан ташқари, сифатсиз дори воситасини ишлаб чиққан ёки сотганлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими