Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



05:18:56 (GMT +5), Жм, 26 апр 2024

“E-qaror” электрон тизимида қабул қилинган ҳужжатларни эълон қилиш ва доимий мониторингини юритиш тартиби қандай?

Аҳамият беринг

“E-qaror” электрон тизимида қабул қилинган ҳужжатларни эълон қилиш ва доимий мониторингини юритиш тартиби қандай?


1. Ҳукумат қарорига асосан 2021 йил 1 июлдан бошлаб “E-qaror” электрон тизими орқали ишлаб чиқилган ҳоким қарорлари автоматик тарзда рақам берилиб, тизимда эълон қилиб борилмоқда (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар бундан мустасно).

2. Қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади.

Ҳукумат қарорига асосан, ҳоким (кенгаш раиси) ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди, имзоланган ва махсус рақам билан рўйхатга олинган ҳужжатни Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилади (юқоридаги ҳолатлар бундан мустасно).

Шунга кўра, ҳоким (кенгаш раиси)га қарор имзоланишидан аввал мазкур ҳужжатни қабул қилиниши биланоқ Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилиш ёки аксинча эълон қилмаслик масаласини белгилаш имконияти яратилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Тизим ишга туширилгандан буён ҳозирга қадар 281 мингдан ортиқ қарор ва фармойишлар қабул қилинди (шундан 43 мингга яқин ҳокимлик ҳужжатлари эълон қилинмаган).

Мазкур қарорларнинг ҳар бирини Тизим орқали эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқиш ҳуқуқи қонунчилик талабига асосан фақатгина ҳужжатни қабул қилган шахс – ҳоким (кенгаш раиси)га берилган.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги ПҚ–138-сон қарорига асосан “E-qaror” электрон тизимини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорларга нисбатан таъсир чораларини кўриб бориш ПРОКУРАТУРА органлари зиммасига юклатилган.

Ҳукумат қарорига (https://lex.uz/docs/5470461) мувофиқ Адлия вазирлиги зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини фақат “E-qaror” электрон тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш жараёнларининг доимий мониторингини олиб бориш;

мониторинг натижаларига кўра, “E-qaror” электрон тизими орқали келишиш учун юборилган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларига манфаатдор ташкилотларнинг белгиланган муддатларда муносабат билдирмаган раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан таъсир чораларини қўллаш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда “E-qaror” электрон тизимини доимий такомиллаштириб бориш.