Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 12.01.2024



17:11:31 (GMT +5), Дш, 29 апр 2024

Маъмурий ислоҳотларни ёритишда профессионал ёндошув зарур

Аҳамият беринг

Маъмурий ислоҳотларни ёритишда профессионал ёндошув зарур


Мамлакатимизда эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар юзасидан айрим ОАВлари ва ижтимоий тармоқларда турлича қарашлар баён этилмоқда. Албатта, фикрлар хилма-хил бўлгани яхши, лекин айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқлар масалани мутахассис бўлмаган ёки зарур билим ва тажрибаси бўлмаса-да, ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар билан интервьюлар ташкил қилиб, ўз кузатувчиларига ислоҳотларни бир томонлама фақат салбий томондан кўрсатиш ва баҳолаш билан шуғулланмоқдалар. Хусусан, шу кунларда KunUZ ва Qalampir.uz туркум интервьюларни эълон қилишди.

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бундай масалада у ёки бу фикр, баҳони беришда зарур билим, малака ва тажрибага эга бўлиш, чуқур таҳлилга асосланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, маъмурий ислоҳотдек ўта профессионал масалани енгил-елпи ёндашувлар, ўзининг ҳиссиёт ва қарашлари орқали баён этиш, айниқса ОАВ орқали тарқатиш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.

Шу муносабат билан мазкур интервьюларда айтилган фикрлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Биринчидан, маъмурий ислоҳотларга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва Қарори лойиҳалари чуқур таҳлиллар асосида миллий ва ҳалқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди.

Жумладан, ушбу жараёнда миллий экспертлардан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Адлия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Фанлар академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ва бошқа идоралар масъул ходимлари қатнашган.

Халқаро эксперт сифатида халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтларининг тажрибали экспертлари, шу жумладан, БМТнинг вакиллари иштирок этишган.

Шу билан бирга, дунёнинг юқори иқтисодиёга эга бўлган 38 та давлатни ўзида жамлаган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Кенгашининг “Тартибга солиш сиёсати ва давлат бошқаруви бўйича тавсиялари”даги давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича 12 та асосий тавсиялари ўрганилган. Мисол учун, уларда марказий ва ҳудудий даражадаги давлат органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш механизмларини жорий қилиш, барча даражадаги давлат бошқаруви тизимида турдош тартибга солиш масалаларини аниқлаш орқали такрорланиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик масалалари ўз аксини топган.

Бундан ташкари, мазкур Фармон лойиҳасини ишлаб чикиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан 2021 йил ноябрда бошланган, яъни Маъмурий ислоҳотлар доирасидаги ўзгаришлар бир кун, бир ойда шаклланмаган, ва бунда барча вазирлик ва идораларнинг фаолияти танқидий ўрганилиб, асосли таклифлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ўтган давр мобайнида барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 мингта функциялари чуқур таҳлил ва хатловдан ўтказилди, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар тугатилмоқда, қайси вазифа қайси идорага тегишлилиги аниқ белгиланди.

Натижада Ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқарди, 20 та идора тўлиқ тугатилди. Ҳукуматда амалдаги 8 нафар Бош вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, маъмурий ислоҳотларга қадар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда вазирлик ва идоралар сонининг кўплиги танқид қилинарди, турли хил экспертлар чиқиш қилиб, бу борада кескин фикрларни ҳам билдиришарди. Бироқ, бу борада юқорида қайд этилганидек радикал ўзгариш қилинганлиги, вазирлик ва идоралар, мансабдор шахслар сони тубдан қисқарганлигига қарамасдан ушбу ҳолатни асоссиз субъектив талқин қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Иккинчидан, агар ривожланган ёки ривожланаётган давлатлар тарихига эътибор берсак маъмурий ислоҳотлар ҳар бир давлатда амалга оширилганини кўриш мумкин ва мазкур жараён доимийдир. Ўзбекистонда амалга оширилиши бошланган навбатдаги маъмурий ислоҳотлар ҳам давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан янги босқич вазифаларини амалга ошириш йўлидаги навбатдаги сифат жиҳатдан янги ислоҳот, деб айтиш мумкин. Зеро, бу ислоҳот натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – Вазирлар Маҳкамаси такомиллаштирилмоқда. Ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, функцияларнинг такрорланиши истисно қилинмоқда. Бюрократия қисқартирилмоқда. Ҳар қандай оқилона ташаббус, рўйхатдан ўтгандан сўнг, идоралараро мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш каби 9 поғонадан ўтишга мажбур бўлган амалиёт ўтмишда қолмоқда. Нотўғри, ҳаддан ташқари юкланган аппарат ўрнини эгилувчан, муайян муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тузилма эгаллайди. Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда. Вазирлик ва идораларнинг функцияларининг оптималлаштирилиши натижасида хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилмоқда.

Учинчидан, ҳозиргача турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келган вазирларнинг вазирликлар раҳбарлигига қайта тайинланишини салбий ҳолат эмас. Дунё амалиётида Ҳукумат таркибида ротация институти қўлланилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Шунингдек, янги тайинловлар таркибида ёш раҳбар кадрлар улушининг юқори эканлиги ҳам ижобийдир. Ҳукумат таркибига ёш раҳбарларнинг келганлиги ушбу соҳага янгича ёндашув, янгича иш услублари қўлланилишига сабаб бўлади.

Хусусан, бугунги кунда барча тайинловлар Маъмурий ислоҳотлар доирасида амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳозирги тайинловларга Янги ҳукуматни шакллантириш сифатида баҳо бермаслик керак. Мамлакатимизда Янги ҳукуматни шакллантириш тартиби Конституциямизда белгиланган. Унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси янгитдан сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилади. Яъни, Ҳукумат таркиби янги Олий Мажлис шаклланганда янгиланади. Шу сабабли, мазкур тайинловларда ҳукумат таркибини янгилаш мақсади қўйилмаган, аксинча мақбуллаштириш натижасида янги ташкил этилган давлат бошқаруви органлари раҳбарлигига янгитдан тайинловлар амалга оширилди.

Айни пайтда, маъмурий ислоҳот ҳукумат таркибини янгилашни англатмаса-да, амалда вазирларнинг қарийб учдан бир қисми янги ёки тайинланганига бир йил ҳам тўлмаганлигига эътибор қаратишимиз лозим. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири (А.Иноятов), Мактабгача ва мактаб таълими вазири (Х.Умарова), Инвестициялар, саноат ва савдо вазири (Л.Қудратов) янги тайинланди, шунингдек, Адлия вазири (А.Тошқулов), Қишлоқ хўжалиги вазири (А.Воитов), Энергетика вазири (Ж.Мирзамаҳмудов) ушбу лавозимларга тайинланганлигига ҳали бир йил ҳам тўлганича йўқ. Шундай экан, ҳукумат таркиби эскича қолди, дейиш масалага камида нопрофессионал ёндошув бўлганлигини кўрсатади.

Фармонда айрим функцияларни хусусий секторга ўтказиш орқали тегишли соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Натижада, тугатилган функцияни амалга оширувчи мавжуд лавозимлар қисқартирилади.

Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Бирданига ходимларни 30 фоизгача қисқартириш деган тушунча нотўғри. Шу билан бирга, мазкур оптималлаштириш барча давлат ташкилотларига бирдек тадбиқ қилинмайди. Уларнинг бажараётган вазифа ва функциялари таҳлил қилиниб, айрим давлат ташкилотларида 5-10 фоизгача, айримларида эса 30 фоизгача қисқариши мумкин.

Шунингдек, кадрлар соҳасида энди сон эмас, сифат алоҳида роль ўйнади. Бунинг ҳисобига айрим бир неча ҳудудлар учун ягона ҳудудлараро бўлимларни ташкил қилган ҳолда аҳолига профессионал кадрлар томонидан ҳизмат қилинишини таъминлаш мумкин.

Тўртинчидан, Фармонга асосан вазирликлар ишлаш услуби бутунлай ўзгаради. Эндиликда, вазирликларнинг йил давомида эришиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлари белгиланади. Ҳар бир вазир йил бошида ўзининг ўринбосарлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқади ва уни оммага эълон қилади.

Ҳаракатлар дастурига асосан вазирликларнинг ҳудудий бошқармалари мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича қўшимча равишда ҳудудий ривожланиш дастурини ишлаб чиқади ва улар ҳам уни оммага тақдим қилади. Вазирлар томонидан йил якунида ҳаракатлар ва ҳудудий ривожланиш дастурлари амалга оширилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати юзасидан очиқ ҳисобот берилади.

Таъкидлаш жоизки мазкур Фармон профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, юқори натижадорликка йуналтирилган давлат бошқаруви тизимини шакллантиришга қаратилган. Бунда давлат бошқарувида “қўл” бошкарувидан “ақлли” бошқарувга ўтиш кўзда тутилган. Ҳукумат аъзоси ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш тартиби жорий қилинмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органларнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинма тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади.

Бешинчидан, Фармоннинг яна бир муҳим томони шундаки, республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда жамоатчилик олдида бевосита ҳисобдор бўлиши белгилаган.

Олтинчидан, Фармон билан илк бор вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекцияларнинг тушунчалари очиб берилган, натижада уларнинг вазифа ва функцияларини ҳамда жавобгарлик чегарасини аниқ кўришимиз мумкин.

Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши ортиқча бюрократик талабларни қисқаришига, вазирлик ва идораларнинг ўхшаш ёки бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилинишига, аҳолининг бир масала юзасидан турли идораларга мурожаат қилиш заруратини бартараф этилишига олиб келади.

Шундай қилиб, экспертлар ҳамжамияти, мутахассис ва олимларнинг маъмурий ислоҳотлар жараёнидаги қизиқишларини, кенг жамоатчиликнинг эътибори қаратилаётганлиги ва бу борада муҳокамалар олиб борилаётганлигини ижобий деб баҳолаймиз. Айни пайтда, ҳурматли ОАВ ва ижтимоий тармоқ вакилларини бу борадаги ислоҳотларни ёритишда фундаментал билимларга эга профессионал экспертларни, вазирлик ва идоралар масъулларини ҳам жалб этишга чақириб қоламиз. Бу масалада ҳамкорликка доим тайёрмиз.

Шу билан бирга, ҳозирда бошланган маъмурий ислоҳотлар тегишли Фармон ва қарор билан чекланмайди – бу давомли жараёндир. Айни дамда, ушбу тизимли ислоҳотлар давлатчилигимиз ривожининг муҳим босқичи эканлигини инобатга олиб, соғлом фикрлар, асосли таклифлар ва танқидларга доим очиқ эканлигимизни билдирамиз.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими